Сайёр қабулда 12 та мурожаатдан 10 таси ижобий ҳал этилди
Мурожаат билан пойтахтга ёки республика марказига йўл олиш ўрнига ўз муаммосини яшаш жойига яқин ҳудудда масъул раҳбарга юзма-юз етказиш имконияти бугун кўплаб фуқаролар учун одатий ҳолга айланиб бормоқда. Давлат органлари масъулларининг аҳоли олдига ўзи бориши, одамлар дардини жойида тинглаши ҳуқуқ-тартибот соҳасида ҳам очиқлик ва ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим воситаси бўлиб хизмат қилмоқда.
Шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири томонидан тасдиқланган режа-графикка асосан ҳудудларда мунтазам равишда сайёр қабуллар ташкил этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, фуқароларнинг соҳа билан боғлиқ муаммоларига ижобий ечим топишдан иборат.
Жорий йилнинг 11 ноябрь куни Амударё тумани Халқ қабулхонаси биносида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Ёдгор Исабаев Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар билан навбатдаги сайёр қабул ўтказди. Тадбирда ушбу туманлардан ташриф буюрган фуқаролар иштирок этиб, соҳага доир масалалар юзасидан ўз мурожаатларини йўллаб, фикр ва таклифларини билдирди.
Айтиш керакки, сайёр қабулни ташкил этишда асосий эътибор мурожаат билан келган фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳатлар беришга қаратилди. Шу боис жараёнда тегишли йўналишлар бўйича масъул ходимларнинг қатнашиши олдиндан таъминланиб, ҳар бир масалани кечиктирмасдан ўрганиш имконияти яратилди.
Мурожаатлар асосан жиноятчиликка қарши курашиш, терговга қадар текширув ва дастлабки тергов соҳаларидаги муаммолар ҳамда таклифлар билан боғлиқ бўлди. Учрашув давомида фуқаролардан жами 12 та мурожаат келиб тушиб, уларнинг 10 таси, яъни 83 фоизи жойида ижобий ҳал этилди, қолган 2 та мурожаат бўйича эса ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, айрим мурожаатлар қўшимча ўрганиш ва муайян вақт талаб этишини инобатга олган ҳолда, улар юзасидан мутасадди идораларга тегишли топшириқлар берилди. Ушбу топшириқларнинг ижроси назоратга олиниб, мурожаат эгаларига қонунчилик талаблари ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тартиби батафсил тушунтирилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи раҳбарининг фуқаро билан бир стол атрофида ўтириб, унинг мурожаатини бевосита тинглаши ҳар қандай расмий ёзишмадан кўра таъсирчанроқ натижа беради. Шу маънода бундай қабулларнинг изчил давом эттирилиши ички ишлар тизими ва аҳоли ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаб, қонунийликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶