Амударёда ЎзЛиДеП туман Кенгаши конференцияси янги вазифаларни белгилади
Кўппартиявийлик тизими демократик жамиятнинг таянч устунларидан бири бўлиб, сиёсий партиялар фуқаролар манфаатини ифода этиш, давлат сиёсатига таъсир кўрсатиш ва жойлардаги муаммоларни ҳокимият органлари эътиборига етказишда муҳим восита вазифасини бажаради. Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар даврида партияларнинг ҳудудий бўғинлари зиммасидаги масъулият ҳам сезиларли даражада ортиб бормоқда.
Иқтисодиёт, тадбиркорлик муҳити ҳамда аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари ўзгариб бораётган бир пайтда партиялар ҳам замон билан ҳамнафас бўлиши, ўз дастурий ҳужжатларини бугунги воқеликдан келиб чиқиб янгилаши талаб этилади. Шу нуқтаи назардан, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик жараёнида ҳудудий бўғинларда ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири сифатида 23 ноябрь куни ЎзЛиДеП Амударё туман Кенгашининг конференцияси бўлиб ўтди. Йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, партия туман Кенгаши аъзолари, бошланғич ташкилотлардан сайланган делегатлар, партия фаоллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Конференцияни партия туман Кенгаши раиси Анвар Юлдашев очди ва олиб борди. Конференцияга жами 103 нафар делегат сайланган. Делегатлар овоз бериш орқали президиум таркибини, конференция котиби ва ҳисоб-китоб комиссияси аъзоларини, шунингдек, кун тартибини тасдиқладилар.
Кун тартибидан партия туман Кенгашининг ўтган даврдаги фаолияти сарҳисоби, бошланғич партия ташкилотларининг иш самарадорлигини ошириш, партиявий вазифалар ижросини таъминлаш масалалари ўрин олди. Шу билан бирга, партиянинг навбатдаги Конгрессига тайёргарлик ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши конференциясига делегатлар сайлаш билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан партия туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Яхшимурат Ахмедов маъруза қилди. Маърузада туман Кенгашининг 2024–2026 йилларда амалга оширган ишлари якунлари атрофлича таҳлил этилиб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди. Қайд этилишича, бугунги кунда туманда 82 та бошланғич партия ташкилоти фаолият юритмоқда. Ушбу ташкилотлар 9927 нафар аъзони ўз сафида бирлаштирган. 2024 йилда партия аъзолари сони 8 минг нафарни ташкил этган бўлса, сўнгги икки йил мобайнида бу кўрсаткич қарийб 2 минг нафарга ошган. Мазкур ўсиш партиянинг жойлардаги фаолияти ва аҳоли билан мулоқоти натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Маърузада партиянинг «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасида олиб борилаётган ишлар ҳамда аҳоли мурожаатларини ўрганишга қаратилган ташаббуслар туман аҳолиси томонидан эътироф этилаётгани алоҳида кўрсатиб ўтилди. Хусусан, «Юракка йўл» акцияси доирасида ижтимоий кўмакка муҳтож 56 та оила учун янги хонадонлар қуриб берилгани амалий натижалардан бири сифатида қайд этилди.
Маъруза юзасидан Амударё тумани фермерлар Кенгаши раиси, «Бекман Аллаберганов» фермер хўжалиги бошлиғи, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Илхом Палванов ҳамда Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати Мадамин Казаковлар сўзга чиқди.
Конференцияда қуйи бўғинлар фаолиятини жонлантириш, аъзолар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда депутатлик гуруҳлари билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шунингдек, «Халқ билан бирга» дастури доирасидаги ишларни изчил давом эттириш партиянинг аҳоли билан яқин мулоқотини таъминлашдаги муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Кун тартибидаги иккинчи масала – ЎзЛиДеП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши конференциясига Амударё туман партия ташкилотидан делегатлар сайлаш бўйича Халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Мадамин Казаков ахборот берди. Белгиланган вакиллик нормасига мувофиқ, туман ташкилотидан 14 нафар делегат сайланиши кўзда тутилган бўлиб, уларнинг номзодлари овозга қўйилиб, тасдиқланди ва тегишли қарор қабул қилинди.
Конференцияда партия ташкилотининг икки йиллик фаолияти холисона баҳоланиб, олдинда турган вазифалар аниқ белгилаб олинди. Бундай очиқ муҳокамалар сайланган делегатлар орқали ҳудуд овозини юқори бўғинларга етказиш, янги Сиёсий дастурни эса халқнинг ҳақиқий эҳтиёжларига ҳамоҳанг тарзда шакллантириш учун мустаҳкам замин ҳозирлайди.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶