СУМАЛАК ЭМАС, ҚУВОНЧ УЛАШДИ
Кечки пайт ишдан чарчаб, уйга қайтаётгандим. Энди кўча эшигимизга етдим деганимда оёқ товушини эшитиб, орқамга бурилиб қарадим. Қарадим-у биздан анча нарида турадиган қўшнимизнинг ўн ёшлар атрофидаги қизалоғи қўлида коса, югуриб келаётганини кўрдим.
Қизалоқ енгил кийинган, баҳор бўлса-да куннинг совуғи кетмаган ҳавосини писанд этмай, юзлари қизарганига қарамай, кулиб туриб:
– Олинг, сумалак, онам бериб юборди, – деди қувончини яшира олмай.
Қизалоқнинг шодлиги менга ҳам ўтди. Қувонганимдан оила аъзоларимга суюнчиладим:
– Сумалак, сумалакка келинглар!
Бу – хонадонимиз дастурхонидаги йилнинг биринчи сумалаги эди! Беш-олти қўшни йиғилишиб, энди сумалак пиширишга тайёрланиб, буғдой ундираётган эдик.
Шунинг учун сумалакдан ҳаммамиз ҳавас билан тотдик. Негадир бутун оила аъзоларимизнинг кайфияти кўтарилиб кетди. Қизалоқ худди уйга сумалак билан бирга қувонч ҳам олиб келгандек бўлди.
Ўйлаб қарасам, қадимий Наврўз байрами билан боғлиқ урф-одатларимиз замирида кўп маънолар бор экан, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат...
Асал Собирова,Амударё академик лицейи ўқитувчиси.
(Фото: ЎзА)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶