ОВОРАГАРЧИЛИКЛАРГА ЧЕК ҚЎЙИЛСА, ДЕЙМИЗ...
Бизда электр ва газ ҳисоблагичлари ҳар 4 йилда бир марта метрологик лабораторияда текширишдан, яъни қиёслашдан ўтказилиб, сертификатланадиган тартиб ўрнатилганига анча вақт бўлди.
Электр энергияси ва табиий газ давлат мулки ҳисобланади. Давлат бу табиий неъматларни фойдаланиш учун ўз халқига етказиб беради. Аҳоли эса бу неъматлардан тежаб-тергаб фойдаланиши ва ишлатилган газ ва электр энергияси учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириши лозим.
Биз буни яхши биламиз. Билмаганларга эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тушунтириб борилаяпти.
Аммо бизни бир савол қийнайди. Айтайлик, савдо ўринларида дўкондор ўз нарсасини ўзининг тарозисида, кўзингиз олдида тортиб беради. Ушбу тарозида бирор бир камчилик сезса, уни дўкондорнинг ўзи ўз маблағи ҳисобидан тузаттириб олади.
Шундай экан, нега хонадонларда ёки иш жойларида фойдаланиладиган ҳисоблагичлар табиий газ ва электр энергияси етказиб берувчи идоралар томонидан ўрнатилмайди ва уларнинг ишлаши назорат қилиб борилмайди?
Эсингизда бўлса, бундан 10 йилларча олдин туман электр тармоқлари узатиш корхонаси томонидан хонадонларга бир қанча ҳисоблагичлар бепул ўрнатилди. Аммо негадир кўп ўтмай, бепул ҳисоблагич ўрнатиш тўхтатиб қўйилди.
Мен фурсатдан фойдаланиб бир таклифни ўртага ташламоқчиман:
– Электр энергияси ва табиий газ ҳисоблагичлари аҳоли хонадонларига жойлардаги электр ва табиий газ билан таъминловчи идоралар томонидан ўрнатилиб, уларнинг ишлаши қаттиқ назорат қилиб борилса ва қиёслашлар белгиланган муддатларда шу идоралар томонидан амалга оширилса, яхши бўларди. Ҳисоблагичларнинг аҳоли томонидан сотиб олиниши ва уларни қиёслашдан ўтказиш мақсадида Нукус ҳамда Урганч шаҳарларига бориб, овора бўлишлари ақлга сиғмайдиган иш. Бундай оворагарчиликларга барҳам бериш керак.
Менинг ушбу таклифим халқимиз кўнглидаги гаплардир ва улар амалиётга жорий қилинади, деб умид қиламан.
Сафарбой БОЗОРБОЕВ, "Чордара” маҳалласи.
(Фото - http://www.ek.uz)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶