МИЛЛАТ РУҲИНИНГ КЎЗГУСИ ДАРЗ КЕТМАСИН!
Бугунги кунда бошқа тиллардан кириб келаётган сўзларнинг тилимизда ўрнашиб қолаётгани ўз она тилимизнинг бузилишига, тилимизга нисбатан эътиборсизлик ҳолатларига кўп бор гувоҳ бўлаяпмиз. Бу глобаллашув натижасими ёки она тилимизга эътиборсизликми?
Ахир, чет тилини ўрганиш, ўз она тилингга ҳурматсизлик ва эътиборсизлик қилиш дегани эмас-ку! Майли, ёшларимиз беш-ўнта чет тилини мукаммал билишсин, аммо она тилимиз софлигига путур етказмасин! Чунки, ўз она тилимизни бус-бутунлигича, бирорта сўзини бузмасдан, ўзгартирмасдан келажак авлодга етказиб беришимиз зарур. Бунинг учун ҳар бир инсон бирдек масъул. Бу борада Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов шундай дейди: "Она тилимизга ғамхўрлик қилиш, уни авайлаб-асраш, тинмай унинг софлиги, бойлиги тўғрисида қайғуриш, фақат мутахассис-олимлар ёхуд ёзувчиларнинггина эмас, бутун халқнинг, кенг жамоатчиликнинг иши. Ўзини ўзбек зиёлиси, деб ҳисоблаган ҳар бир инсон фақат тил байрамида эмас, доимий равишда она тилимиз байроғимиздек юксак ва покиза бўлиши тўғрисида қайғурмоғи ҳам фарз, ҳам қарздир”.
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор она тилимиз ҳақида, қаранг, нима деганлар!
"Тил дарахтдай, гиёҳдай яшайди, яшнайди, гуллайди, синдирсанг, синади, тилсанг, шираси ерга оқади. Китоб, газета, журнал, радио, телевидение – унинг жонли нафаси, юрак уриши... Тилимиз шаклланган, буюк тарихий тил. Ҳеч бўлмаганда унинг оқ сочли бобо ёшини ҳурмат қилиш керак. У юз йил эмас, йигирма асрлик тарихга эга. Сўзга ҳурмат ва эътиборни ҳар бир кишидан талаб қилиш мумкин. Бу одамнинг хулқ-атворини, маънавий қиёфасини кўрсатадиган омиллардан бири”.
Чиндан-да, инсоннинг гап-сўзи, муомаласи унинг ички гўзаллигини кўрсатиши билан бир қаторда, суҳбатдошда ўзи ҳақида салбий ёки ижобий таъсир уйғотади.
Азиз юртдошлар, келинг, она тилимизга ҳурмат ва эътиборли бўлиб, тилимизнинг софлигига эришиш тўғрисида қайғурайлик. Бу барчамизнинг қўлимиздан келади. Зеро, Биринчи Президентимиз Ислом Каримов айтганларидек: "Она тили – миллатнинг руҳидир”. Мана шу – миллат руҳининг кўзгуси дарз кетишига йўл қўймайлик!
Ирода ЕРДОШЕВА, 38-сонли мактаб ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶