Тил – миллатнинг руҳи
Тил — ҳар бир халқнинг энг азиз бойлиги, унинг маънавий пойдевори, руҳий асосидир. Қорақалпоқ халқининг ҳам асрлар давомида шаклланиб, бойиб, такомиллашиб келаётган она тили бугун давлат мақомига эга бўлиб, миллатнинг мустаҳкам таянчига айланиб улгурган. 1-декабрь — Қорақалпоғистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги Қонуни қабул қилинган сана ана шу бебаҳо мероснинг юксак эътирофи сифатида нишонланади.
Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Амударё тумани Маданият бўлимида кўтаринки руҳда байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда давлат тилининг аҳамияти, унинг жамият ҳаётидаги ўрни, шунингдек, тилни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди.
Тадбир аввалида Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлими бошлиғи Ислом Маткаримов сўзга чиқиб, барчани байрам билан табриклади. У давлат тили инсоннинг ўзлигини англашидаги ўрни беқиёс эканини, тилни асраб-авайлаш ва келажак авлодга мусаффо ҳолда етказиш — ҳар биримиз зиммасидаги шарафли масъулиятлигини таъкидлади.
Байрам тадбири туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган ранг-баранг концерт дастури билан давом этди. Ижодкорлар қорақалпоқ ва ўзбек тилларидаги куй-қўшиқлар, жўшқин рақслар ва саҳна чиқишлари орқали томошабинларга юқори байрамона кайфият улашдилар.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда дунёда олти мингдан ортиқ тил мавжуд бўлса-да, уларнинг атиги 170 дан ортиғига давлат тили мақоми берилган. Улар қаторида қорақалпоқ тилининг ҳам алоҳида эътироф билан туриши халқимиз учун катта фахр ва ифтихордир. Бу мақом халқимизнинг ўзлигини англашида, миллий ғурур ва ўзига хосликни тиклашда, аждодлар меросини асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишда муҳим тарихий қадам бўлиб хизмат қилади.
Сўнгги йилларида қорақалпоқ тилини ривожлантириш, унинг илмий асосларини мустаҳкамлаш, фонетика, лексикология ва грамматика борасидаги тадқиқотларни янги босқичга кўтариш бўйича муҳим аҳамиятга эга қатор ишлар амалга оширилди. Тилнинг жаҳон миқёсидаги ўрни ва нуфузини оширишга қаратилган ислоҳотлар натижасида сезиларли ютуқлар қўлга киритилди. Булар қаторида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгаши қўллаб-қувватлаши билан VII жилддан иборат “Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғати”нинг нашр этилиши тил тараққиётидаги йирик илмий воқеа сифатида тарихга кирди.
Тадбирда ижро этилган миллий куйларнинг жаранги, халқ рақслари ва икки тилнинг уйғунлиги тадбирга ўзига хос жило бериб, иштирокчиларда унутилмас таассурот қолдирди. Ҳар бир саҳна чиқиши қорақалпоқ тилининг бойлиги, миллий маданиятнинг теран илдизларини яна бир бор намоён этди.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶