НОМИ БАРҲАЁТ ЙИГИТ
Ҳар бир инсоннинг тақдири кўп жиҳатдан у туғилиб ўсган муҳитга боғлиқ бўлади. Ўзининг қалб қўрини, куч-қуввати ва билимини ихлос қўйган соҳасига сарфлаган, танлаган касбини улуғлаган инсон ҳеч кам бўлмайди.
Тўлқин овулининг ажойиб фарзанди, камтарин инсон Омон Авазбоев шундайларнинг бири эди. У 1971 йил 8 октябрда туғилган, 28-мактабни 1988 йил аъло баҳоларга тугатиб, Тошкент Архитектура қурилиш институтига ўқишга кириб, 1993 йил шу институтни муваффақиятли тамомлаб, саноат ва фуқаро қурилиши муҳандиси мутахассислигига эга бўлган. У мактабда, олийгоҳда таълим олиш жараёнида ақлли, зийрак, билимга чанқоқ, ташаббускор эди. Устозлари, дўстлари ва бошқаларга ҳурмат билан қарайдиган, қалби пок инсон эди.
Омон Авазбоевнинг орзуси ҳарбий бўлиш эди, ҳарбийча кийинишни жуда яхши кўрарди. Мана шу орзуси йўлида 2004 йилгача Нукус шаҳридаги ҳарбий қисмларда меҳнат қилди.
2004 йилдан 2011 йилгача туман Мудофаа ишлари бўлимининг бошлиғи бўлиб ишлади. 2011 йилдан 2012 йилгача Самарқанд вилояти Нарпай тумани Мудофаа бўлими бошлиғи вазифасида ишлади. Шунингдек, 2003 йилда лейтенант, 2005 йилда катта лейтенант, 2007 йилда капитан, 2012 йилда майор ҳарбий унвонларини олишга эришди. Омон Авазбоев яна Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 31 октябрдаги Фармонига биноан таъсис этилган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларига 20 йил” эсдалик нишони билан тақдирланган эди.
Ўз Ватанининг мудофаа қудрати юксалиши йўлида фидойи меҳнат қилган ёш ҳарбий йигитнинг ҳали режалари кўп эди. Бироқ 2014 йил 5 февраль куни у бу ёруғ оламни барвақт тарк этди.
– Мен доим Омоннинг ютуқларидан қувониб, менинг ўқувчим, деб фахрланиб юрардим. У ўқиган мактабини, устозларини, синфдошларини жуда қадрлар эди, – дея эслайди унга таълим берган ўқитувчилардан бири Хадича Аҳмедова.
Ҳа, Омон Авазбоев чин маънода шу юртнинг фидойи ўғлони эди. Ундан энди мана шундай ёрқин хотиралар, 4 нафар бир-биридан одобли, интилувчан ўғил-қизлар – умрининг давомчилари қолди. Шоҳиста, Жаҳонгир, Комила, Ҳилола... Уларнинг орзулари ҳаётда яхши инсонлар бўлиб етишиб, бевақт оламдан ўтган отаси руҳини шод этиш. Жаҳонгир отаси касбининг давомчиси бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Юртимизда 14 январь – Ватан ҳимоячилари кунини қизғин нишонлашга ҳозирлик кўрилаётган шу қутлуғ кунларда Ватан ҳимоясига хизмат қилишни ўзининг фарзандлик бурчи деб билиб, шу касбда садоқат билан меҳнат қилган Омон Авазбоевни ҳам эсга олишни ўзимнинг бурчим, деб ҳисобладим. Унинг номи мангу барҳаётдир.
Ҳайитгул АЛЛАКОВА,
таълим фахрийси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶