ИНСОН УМИД БИЛАН ТИРИКДИР
Инсоннинг саодатли ҳаёт кечириши, ишлари унумли ва баракали бўлишида эртанги кунга нисбатан умиднинг ўрни беқиёсдир. Инсонни касб ва меҳнат қилишга ундайдиган куч ҳам шу. Ғайрат ва иштиёқни уйғотадиган, дангасалик ва ялқовликни кетказадиган омил ҳам умиддир. Умидни янада яхшироқ тушуниш, ҳис этиш учун унинг зидди бўлган умидсизликни билиш керак.
Умидсизлик – ишончни сўндирувчи иллат. У бирор ишга қўл уришдан қайтаради. Жасаддаги қувватни сустлаштириб, йўққа чиқаради. «Умид қилдим – етдим, ноумид бўлдим – йиқилдим», деган ҳикматни халқ бекорга яратмаган. Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Инсонни икки нарса ҳалок қилади: умидсизлик ва манманлик!” деганлар.
Масалан, бемор соғайишдан умидини узса, на табиб сўзи, на муолажа кор қилади. Ҳеч қандай дори фойда бермайди.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Aллoҳнинг рaҳмaтидaн нoумид бўлмaнглaр. Зeрo, Aллoҳнинг рaҳмaтидaн фaқaт кoфирлaр қaвмигинa нoумид бўлур” (“Юсуф” сураси, 87- оят).
Динимиз таълимоти ялқовлик, боқимандалик каби зарарли иллатларни қатъий қоралаб, инсонларни ҳалол ризқ топиш йўлида чин ихлос билан меҳнат қилишга буюради. Ҳар қандай муваффақият осонлик билан қўлга киритилмаслиги маълум. Илм, касб-ҳунар эгаллаш, дунё фаровонлиги ва охират ободлиги ҳамма-ҳаммаси инсон ҳаракати сабаб ҳосил бўлади. Бунинг учун инсонда ишонч, умид бўлиши кифоя.
Умид – қалб амалидир. Ҳар бир инсонни унинг қалби бошқаради. Қалбдаги яхши ният ва олий мақсадлар кишига шижоат ва ғайрат бағишлайди. Қалбида пок нияти бўлмаган киши бирор ишга қўл урмайди, киришолмайди, киришса ҳам ишини тугатмайди. “Бирор билим юртини амаллаб тугатсам...” деган инсон шундан нарига ўтмайди. Нолигани сайин иши орқага кетаверади. Унинг дардига даво – меҳнатдир.
Хоҳиш ҳеч нарсани ҳал қилмайди, натижага эришиш учун ҳаракат қилиш керак. Ҳаракатдан тўхтамаган одам бирор натижага эришмай қолмайди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): “Дунёда эртага вафот этадигандек ибодат қил, абадий турадигандек яша”, деб ғайратли бўлишга ундаган. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсин! Миллатимиз меҳнатни севади, меҳнаткашни қадрлайди. Юрт ободлиги, халқ фаровонлиги, файз-у баракот ҳалол меҳнат биландир.
Ўктам ҚУРБОНИЁЗОВ,
«Нўғой эшон» жомеъ масжиди имом-хатиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶