БЎШ ТУРГАН ОБЪЕКТЛАРДАН САМАРАЛИ ФОЙДАЛАНИЛМОҚДА
Манғит шаҳридаги фаолияти тугатилган “АТП-44” автокорхонасига қарашли бинолар қаровсиз ва ташландиқ ҳолда эди. Мазкур бинолар “ноль” қийматида инвестиция киритиш ва янги иш ўринлари яратиш шарти билан тумандаги тадбиркорларга берилди.
Тумандаги “Толе” хусусий фирмаси ҳам мана шу бинолардан бирини қайта таъмирлаб, ишлаб чиқаришни ташкил этишга мослаштирди.
1993 йилда ташкил қилиниб, дастлабки фаолиятни тижорат билан бошлаган “Толе” хусусий фирмаси янгидан таъмирланган бинода тармоқларини кўпайтириб, қурилиш-таъмирлаш ишларида зарур бўладиган маҳсулот ва ашёларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.
Айни пайтда фирма томонидан ташкил қилинган цехда қурилишда ишлатиладиган жиҳозлар бўлган алюминий, ёғоч, металл материалларидан дераза ромлари, эшик, дарвоза, темир панжаралар, таъмирлаш ишлари учун зарур бўладиган шпатлёвка, водоэмульсия бўёқлари ва шлакоблоклар ишлаб чиқарилмоқда.
– Ишни йўлга қўйиш осон бўлмади – дейди “Толе” хусусий фирмаси директори Пўлат Хўжабоев. – Бинода таъмирлаш ишларини тугатганимиздан сўнг, цехлар ташкил этиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўладиган асбоб-ускуналарни, дастгоҳларни сотиб олдик. Дастгоҳлар ўрнатилгач, ишчилар ёрдамида цех ишлари йўлга қўйилди.
Ҳозирги кунда ишлаб чиқариш йўлга қўйилган цехларда ҳар ойда 60 тага яқин дераза, 20 тадан зиёд эшиклар, 4 минг дона шлакоблок, 5 тонна шпаклёвка ва 2 тоннадан зиёд эмульсия бўёқлари тайёрланмоқда. Пишиқ ва пухта, сифатли тайёрланаётган маҳсулотларнинг харидорлари тобора ортмоқда.
“Толе” хусусий фирмаси бинонинг кенглигидан фойдаланиб, яна бир фаолиятни йўлга қўймоқда. Фирма томонидан Тошкент шаҳридаги “CHINA EASING IMPEX” масъулияти чекланган жамияти орқали 230 млн. сўмдан зиёд маблағга Хитойда ишлаб чиқарилган эркаклар ва аёллар пайпоғини тўқийдиган 5 дона тўқиш ва 1 дона тикиш дастгоҳи олиб келиб ўрнатилди. Тошкент шаҳридаги “Аҳмадтекс” фирмасидан 65 млн. сўмлик пайпоқ тайёрлаш учун зарур бўладиган хом-ашёлар келтирилди. Цехда ишлаётган 5 нафар ишчи томонидан бир ой давомида 20 минг жуфт эркаклар ва аёллар пайпоғини ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Кейинчалик эса 30 минг жуфтдан зиёд тайёрлашни ва бошқада тикув маҳсулотлари тайёрланишии йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
“Толе” хусусий фирмаси директори Пўлат Хўжабоев давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, фирма тармоқларини янада кенгайтиришни мақсад қилмоқда. Фирмада қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланадиган 100 минг тонналик совутгич ўрнатиб, халққа хизмат кўрсатиш ва “ПЭТ” хом-ашёси қоп ишлаб чиқаришга мўлжалланган яна бир цех очиш мўлжалланмоқда.
“Толе” хусусий фирмаси томонидан янги иш ўринлари яратиш билан бирга туман иқтисоди ривожланишига ҳам ҳисса қўшиб келинмоқда.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶