БАХТЛИ ОИЛА ЎЗ-ЎЗИДАН БУНЁД БЎЛМАЙДИ
Инсон оилада туғилади, вояга етади, тарбияланади ва оилага интилади. Бахтли оила инсон саодати, унинг умр мазмунининг асоси бўлиб хизмат қилади.
“Ўзбек тилининг изоҳли луғати” да оила –(арабча: бола-чақа, хонадон, уруғ, авлод маъносини англатадиган сўз) эр-хотин, уларнинг бола-чақалари ва энг яқин туғишганларидан иборат бирга яшовчи кишилар мажмуи, хонадон деб таърифланган.
Оиланинг шаклланиши никоҳга асосланади. Икки ёш никоҳдан ўтиб, оила қуришга қарор қилишади. Ушбу никоҳ эркак ва аёлнинг ихтиёрий ва ўзаро келишув қарори бўйича амалга оширилиши лозим. Шундагина оила ўзининг ҳар бир аъзоси учун муҳаббат ва яқинлик муҳитини барпо этади, ҳаёт йўлларида юзага келадиган муаммоларни ўзаро келишув, ҳамжиҳатлик асосида оқилона ҳал этиш орқали эр-хотин ўзлари учун муносиб, орзусидаги бахт қасрини бунёд этади. Инсон ўзига ишонч ҳосил қилиши, севилиш ва қадрланиш ҳиссини туйиши учун, ҳаётга тўлақонли муҳаббат ҳислари билан қараши учун ҳам оилада яшаши зарурий талабдир.
Психолог олимлар оилавий муносабатларни лой гуваласи мисолида ифода этади: агар сиз бир қўлингизга тўқ яшил ва иккинчи қўлингизга оч яшил лойдан олсангиз, иккаласининг фарқини дарров сезасиз. Агар икки гувалани аралаштириб юборсангиз, сиз бир хил яшил ранг лойни кўрасиз. Бироқ унга тикилиб қарасангиз, сезилмас тўқ яшил ва оч яшил чизиқларни фарқлай оласиз. Худди шу ҳолат оилада юзага келади. Икки киши бирлашиб, битта умумийликка айланади, аммо ҳар бири ўзига хослиги ва шахсий хусусиятларини сақлаб қолади. Бундай бирлашиш натижасида янгича сифатли ҳаёт туғилади.
Ҳар бир вужудга келаётган оила, албатта, бахтиёр оилалар қаторига киришни орзу қилади. Бахт эса – ҳаётдан, яшашдан қониқишнинг юксак даражаси. Бироқ бахтиёр бщиш учун орзу қилишнинг ўзи кифоя қилмаслигини ҳаёт қайта-қайта тасдиқламоқда. Инсон ҳаёт йўли доимо ҳам равон бўлавермайди. Эр-хотин, фарзандлар орасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш ҳукмрон бўлса, бундай оилада ҳамма масалалар вазминлик билан оқилона ҳал қилинади, ўзаро низоларга ўрин қолмайди.
Акс ҳолда кишилар ўз ҳис-туйғуларини, орзу-интилишларини ёки кундалик ҳаётида дуч келадиган муаммолари, мураккаб вазиятларини оила аъзолари билан очиқ муҳокама қилишдан қўрқадилар, чунки бундай муҳокамаларга имкон берилмайди. Муаммоларини ўртоқлашиши натижасида вужудга келадиган муносабатдан қўрқиш ва ўзининг истаклари ва таклифларининг қўллаб-қувватланишига ишончсизлик юзага келади.
Инсон ўз оиласидаги яқинларига: “Сиз шундай деганингизда дилим оғрийди” дея олиши ва бунга жавобан: “Сизни хафа қилмоқчи эмасдим. Кўнглингиздагини билдирганингиз жуда яхши бўлди. Бу ҳолат такрорланмаслигига ҳаракат қиламан”, деган сўзларни айта олиши оилавий бахт барқарорлигининг муҳим омили ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бахтли оилани бунёд қилиш асосан эр ва хотинга, уларнинг ўзаро муносабатларига боғлиқ. Оила бир бино бўлса, унга биттадан бўлса-да ғишт қўйиб, бир бахтли оила бунёд бўлиши учун ҳисса қўшиш жами яқинларнинг ҳам вазифасидир.
Г.ЮСУПОВА, “Оила” маркази туман бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶