Амударёда “Ёш оилалар ва қизлар” форуми ўтказилди
Бугунги кунда ёшлар, айниқса қиз болаларни тарбиялаш, уларнинг замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллашига ёрдам бериш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, урф-одат ва маросимларни тартибга солиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хотин-қизлар маънавиятини юксалтириш, келажак пойдевори бўлмиш қизларни миллий қадриятларимиз, урф-одатларимиз асосида камол топтириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда ёшларимиз орасида, ёш қизларимиз орасида учраб турадиган айрим салбий кўрсаткичлар, хусусан, эрта туғруқ, оилавий ажримлар, жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилиш каби ҳолатларнинг мавжудлиги, фаол бўлмаган, маълум бир меҳнат тури билан банд бўлмаган қизларимиз қатлами билан янгича йўналишида, янгича тизим асосида ишлаш зарурлигини тақозо этади. Бу вазифаларни ижро этиш мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси жорий йилнинг 14-16 август кунларида Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 27 йиллиги ҳамда “Халқаро ёшлар” куни муносабати билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бир қатор жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида “Ёш оилалар ва қизлар” Республика конференциясини ўтказишни белгилади.
Шу муносабат билан туманимизда ҳам 14 август куни “Ёш оилалар ва қизлар” форуми ўтказилди.
Байрамона безатилган Амударё академик лицейи кириш фойесида дастлаб туманимиздаги умумтаълим мактаблари, МТМлар, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари иқтидорли ўқувчиларининг амалий ва бадиий санъати намуналари намойиш этилди. Форумни туман ҳокими ўринбосари М.Аҳмедова очди ва бошқариб борди.

Форум доирасидаги хотин-қизларнинг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилган маҳорат дарслари “Ким нимага қодир” деб номланди. Бунда 7 хил ҳунар усталари иштирокчиларга ҳунарни эгаллаш ва унинг аҳамияти ҳақида гапириб бердилар.
Шунингдек “Илм-фан келажак пойдевори” шиори остида “Оилам китоб ўқийди” акцияси ҳам барчанинг қизиқишларига сабабчи бўлди. Тадбирда ёшлар орасида маънавий-ахлоқий тарбияни шакллантиришга хизмат илувчи “Жайхун илҳомлари” ННТ қошидаги кутубхонага янги келтирилган китоблар тақдимоти ҳам ўтказилди.
“Мен ҳам етакчи бўламан” мавзусида ижтимоий-сиёсий фаол аёллар билан учрашув ёшларнинг эътиборини тортди. Учрашувда туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, ЎзМТДП туман Кенгаши раиси Ш.Янгибоева, ЎзЛиДеп туман Кенгаши раиси ўринбосари М.Бекназарова, ЎзХДП туман Кенгаши раиси М.Саъдуллаев, 40-сонли мактаб директори С.Хўжамуродовалар ёшларга ижтимоий фаол бўлиб, ҳаётда ўз ўринларини топиш, бунинг учун тинмай ўқиб-ўрганиб, интилмоғи лозимлигини таъкидладилар.
Форум сўнгида фаол иштирок этган бир гуруҳ аёл-қизларга туман Хотин-қизлар қўмитасининг ташаккурномалари топширилди.

Туманимизнинг барча ҳудудларидан иқтидорли, интилувчан аёл-қизларни жамлаган форум доирасида ўтказилган ҳар бир тадбир барча иштирокчиларда улкан таассуротлар қолдирди.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶