УМPНИНГ НУPАФШОН МАНЗИЛИ
Шинам, озода, боғ-роғлар оғушидаги ҳовли. Баланд бўй-тераклар, гул-у гулзорлар, ҳатто шундоқ ҳовли яқинидаги қийғос очилиб ётган пахтазор – ҳаммаси гўзал, кишига завқ бағишлайди, дилда ҳавас уйғотади. Бу– Исмоил ҳожи хонадони.
Бизнинг дилимизда ҳавас уйғотган Исмоил ҳожи ота Тўраев ва у кишининг рафиқалари Хонимжон ҳожи она Тўраеваларнинг катта хонадонидан илдиз отиб, эл-юртга камарбаста бўлишга улгурган беш нафар ўғил-қизлар тузган оила гулшанлари нафақат Арна бўйи маҳалласида, балки туманимизда ҳам кўпларнинг эътибори ва ҳурматига муносиб.
Исмоил ҳожи Тўраев ўз умрининг салкам 50 йилини туманимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, суғориш тармоқлари ҳолатини яхшилаш, айниқса, экинзорлар тупроқ шароитини мелиоратив жиҳатдан соғломлаштириш, деҳқончилик маданиятини юксалтиришдек масъулиятли вазифаларга бағишлади.
Туманимиз иқтисодиётидаги йирик соҳа – ирригация тизимига кўп йиллар раҳбарлик қилди.
– Туманимизнинг суғориладиган ер майдонларини зарур пайтларда сув билан таъминлаш ҳеч қачон осон бўлмаган, – ўзи раҳбарлик қилган соҳа фаолияти ҳақида ҳикоя қилади Исмоил ҳожи Тўраев. – Шундай пайтлар бўлардики, ҳудудлар бўйича миробларимиз билан биргаликда кун-у тун бўйи каналлар ёқалаб юришимизга тўғри келарди.
Ана шундай масъулиятли вазифаларни адо этиш жараёнларида мироблар билан ёнма-ён сув ёқалаб, ҳориб-толиб оиласи бағрига қайтган Исмоил оғани умр йўлдоши Хонимжон опа иссиқ меҳр, самимият билан кутиб оларди. Эр-хотин ўртасидаги бу самимият, ўзаро меҳр-оқибат фарзандлар қалбини зийнатлади. Бири-биридан ақлли, билимдон ўғил-қизлар вояга етди бу оилада. Улар улғайган сари Исмоил оға билан Хонимжон опанинг орзу-умидлари улғайди.
Ҳабибахон туман Тиббиёт бирлашмасида малакали акушер-гинеколог, Баҳромжон тадбиркор, Илҳомжон – фермер, Pавшанбек Pеспублика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиали шифокори, Дилафрўз 18-сонли мактабда инглиз тили фанидан сабоқ беради.
Тошкент Тиббиёт академиясини муваффақиятли тугатган Ҳабибахон опасининг изидан бориб олий маълумотли, етук шифокор даражасига эришган Pавшанбек, фермер ва тадбиркор ўғиллари Баҳромжон ва Илҳомжон, ёшларнинг севимли устози Дилафрўз, келинлари – невропатолог-шифокор Pаънохон, ўзи ҳам, муомаласи ҳам дилбар келин Дилбархонлар бугун Исмоил ҳожи ота ва Хонимжон ҳожи оналарнинг орзу-умидларини амалга ошираётган толмас қанотлари.
Беш нафар фарзанди бугун 10 нафарга, неваралари 12 нафарга етиб, Арна бўйи маҳалласининг энг ибратли хонадон соҳиби ва соҳибасига айланган Хонимжон ҳожи ва Исмоил ҳожи Тўраевлар ўз умрларининг энг ёруғ, нурафшон манзилида муборак Каъбатуллоҳни зиёрат этиб, ҳожилик мартабасига етишдилар.
– Шундай бахтга етказганига шукур, – дейди Исмоил ҳожи ота мамнуният билан. – Президентимизга, давлатимизнинг беқиёс ғамхўрлигига минг-минг раҳмат. Бизнинг ҳаж амалларини адо этишимизда умуман ҳеч қандай муаммо бўлмади. Ҳожилар учун яратилган шароитлар, ҳатто кузатиш, кутиб олиш маросимлари инсонийликнинг гўзал фазилатлари ила меҳр-оқибат, ўзаро ҳурмат асосида бўлди. 1 сентябрь – Ўзбекистон мустақиллиги байрамини биз муқаддас Макка шаҳрида нишонладик, бутун дунё мусулмонлари, гарчи кўпларининг тилларини тушунмасак-да, улар бизни энг улуғ, энг азиз байрамимиз билан табриклашди.
Бугун Исмоил ҳожи ота ва Хонимжон ҳожи оналарнинг хонадони янада файзга тўлган. Ёр-у дўстлар, қавм-қариндошларнинг қадами узилмайди бу хонадондан.
– Фермер ўғлимнинг далаларида йиғим-терим мавсуми бошланди, –дейди қувонч билан Хонимжон ҳожи она шундоқ томорқа ерига туташ пахтазорни ораларкан. – Мана шу уч гектарлик пахта даласини Исмоил оғангиз билан иккаламиз парваришлаймиз. Бегона ўтлардан тозалаш, яганалаш, суғориш, ҳатто чилпиш ишларини ҳам ўзимиз бажарамиз. Ахир пахта – бойлигимиз, бу бойликни биз – халқ яратамиз, қўлимиз тегсин, деймиз-да.
– Отам билан онам дуо қилиб турсалар, маррамиз ҳамиша баланд бўлади, – дейишади ўйлашиб олишгандай Баҳромжон билан Илҳомжон.
“Ота-онам дуо қилиб турсалар”... Бу – фарзандлар кўнглидаги самимият, кўнглида муҳрланган орзу, умид. Бири-бирига талпиниб, бири-бирининг кўнглига меҳр нурларини йўғириб яшагувчи бу хонадонда биз инсонийликнинг улуғвор сифати – меҳр-оқибат дарахти гуркираб ўсаётганига гувоҳ бўлдик, Исмоил ҳожи ота ва Хонимжон ҳожи оналарнинг нурафшон ва обод, файзиёб умр манзилига ҳавас қилдик. Ҳожи отахон ва ҳожи онахон дуога қўл очдилар:
– Илоҳим, барчага ана шундай кексаликнинг гашт-у сурури насиб этсин!
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶