ФУҚАРОЛАР ЙИҒИНИ РАИСИНИНГ ВАКОЛАТ МУДДАТИ УЧ ЙИЛГА УЗАЙТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2018 йил 21 сентябрда “Фуқаролар йиғини (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди ва 2018 йил 27 сентябрда Сенат томонидан маъқулланди.
Парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси қизғин баҳс ва мунозаралардан кейин қабул қилинган. Ушбу Қонун лойиҳаси муҳокамаси пайтида таъкидланганидек, мазкур Қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиш бўйича фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишга қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.
Янги Қонунга асосан эндиликда фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) фуқаролар йиғини томонидан, фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаган тақдирда эса фуқаролар вакилларининг йиғилиши томонидан сайланади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати илгари икки ярим йил бўлган бўлса, бу норма эндиликда уч йилга узайтирилди.
Сайловларда фуқароларнинг вакиллари бўлиш учун ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиш кераклиги қайд этилди. Эндиликда бу вакилларнинг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши керак бўлади. Бунда ҳар бир ҳудуднинг аҳолиси сони инобатга олинади.
Янги Қонунга кўра, эндиликда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан Республика даражасидаги Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси шуғулланиши белгиланди. Унинг таркибига парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.
Сайловлар пайтида фуқароларнинг ўз хоҳиш-истакларини эркин билдиришларига таъсир этиш имкониятини қолдирмаслик мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида фақат яширин овоз бериш тизими ўрнатилди.
Яна бир муҳим жиҳат, ушбу сайловларнинг шаффоф ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида, Қонунда фуқаролар йиғини раиси сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсосоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборот Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларининг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларининг расмий веб-сайтларига сайлов ўтказилишидан камида беш кун олдин жойлаштирилиши белгиланган.
Ишончимиз комилки, мамлакатимизда 2019 йилнинг май ойида ўтказилиши белгиланган фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловлари бизнинг туманимизда ҳам янги Қонунга мувофиқ юксак демократик тамойиллар ва аҳолининг фаоллиги, бирдамлиги асосида ўтади.
Аширбой ҚЎШАЕВ, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш
органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича
туман Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари,
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶