УДДАБУPОН САНОБАP
Инсонлар бор – умр бўйи ўз “мен”и учун фидойилик қилади: неки эзгулик ва яхшилик бўлса фақат ўзига раво кўради. Атрофидаги ҳақиқий жамият фидойиларини кўрмайди бундайлар.
Инсонлар бор – эл-юрт кўзи учун эмас, шу эл-юрт, халқ манфаати учун ишлайди, ўзини аямайди, ўз “мен”ини жуда кўп вазиятларда унутиб яшайди. Атрофдаги инсонларга суянади, кези келганида уларни суяйди. Жамият, халқ манфаати йўлида оромидан кечиб яшайди бундайлар...
Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси, 40-сонли умумтаълим мактаби директори Санобархон Хўжамуродова ҳам ана шундай фидойи инсонлардан бири. Санобар серфарзанд оилада туғилиб-ўсди. Аллоҳ раҳмат қилсин, отаси Исмоил ота Хўжамуродов бутун умрини таълим-тарбия соҳасига бағишлаган, ўзидан кейин ортида бири-биридан салоҳиятли фарзандлар, шогирдлар, “Исмоил муаллим” деган эътиборли ном қолдирган ажойиб инсон эдилар. Кези келганида ўта қаттиққўл, одамийлик бобида меҳрибон ва самимий бу инсон тарбиясини олган 10 нафар фарзанднинг барчаси ўқимишли, эл-юртга камарбаста бўлиб вояга етишди. Ака-опалари, ука-сингилларидан фарқли ўлароқ Санобарга Исмоил муаллимга хос кўплаб фазилатлар “юққан”. Айниқса, ҳар бир ишни завқ билан бажариш, натижасидан сўнг бошқаларга ҳам завқ бағишлаш, меҳнаткашлик, атрофидагиларга манфаат етказувчи ҳар қандай мақсад йўлида ортга чекинмаслик, интилувчанлик – Санобарнинг ҳаёт тарзига айланди.
Низомий номидаги Тошкент Давлат педагогика институтини имтиёзли диплом билан тугатган Санобар Хўжамуродова орадан йиллар ўтиб ўзи орзу қилганидай Амударё туманида ёш авлод таълим-тарбияси соҳасининг фидойисига айланди.
Ўзига таълим-тарбия берган устозлари Pажаб Аҳмедов, Турсунбой устоз, Эгамберган Саидов, Назаримбат Алмуродов, Йўлдош Матқурбонов, Иброҳим Машарипов, Амин Алмуродов, Мирза Гулмонов, Шомурод Давлетов, Кенжа Аҳмедовлар билан ёнма-ён ишлаб, тажриба орттирди. Ана шу тажриба ва феълидаги ишчанлик, уддабуронлик ва қатъиятлилик Санобар Хўжамуродовани шахс сифатида шакллантирди, элга танитди. Уни 2004 йилда 40-сонли умумтаълим мактаби директорлигига тайинлашди.
– Ишонч – одамни кучли қиларкан, – мактаб раҳбарлигини қабул қилган илк кунларини хотирлайди Санобар. – Тасаввур қилинг, томидан чакка ўтадиган, синфхоналарининг поли бетон қопламали, дераза ва эшикларидан қиш изғиринлари изиллаб кириб турадиган, атрофидаги ерлари кучли шўрланган мактаб. Ишни нимадан бошлашни билмай, бир-икки кун ўйланиб юрганман.
Санобарнинг бошчилигида марказий иситиш тизими ота-оналар ва ўқитувчилар ҳомийлиги ёрдамида қайтадан қурилди. ЮНИСЕФ ва ЮСАИД халқаро ташкилотининг “Таълим жараёнига жамоатчиликни жалб қилиш” номли лойиҳасида иштирок этиб, 12 минг АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағини ютиб олди. Ана шу грант маблағи ҳисобидан 10 та синф хонаси полланди. Ўша пайтдаги туман ҳокими, Аллоҳ раҳмат қилсин, Pажаббой Йўлдошевнинг кўмаги билан маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобига мактаб томи шиферланди. Мактабдаги шароитлар яхшилангач, таълим-тарбия соҳасида жиддий бурилиш ясалишига эришилди.
Санобар Хўжамуродованинг раҳбар сифатидаги ўз тажрибаси ва қатъий тутуми бор. Мактабда директор бошчилигидаги “Ҳаракат дастури”га амал қилинади. Унга кўра, таълим-тарбия билан маънавий тарбия узвийликда олиб борилади. Ҳар бир ишда жамоа фикри инобатга олинади. Натижа эса кўнгилдагидай. Бугунги кунда 40-сонли умумтаълим мактаби таълим-тарбия соҳасига инновацион педтехнологияларни жорий этиш бўйича туман мактаблари рейтингида пешқадам. Мактаб – оила – маҳалла ҳамкорлиги эса ўқувчи-ёшлар қобилиятининг янги қирраларини кашф этиш имконини бермоқда.
Мактабда ободонлаштириш ишлари ҳам жуда яхши йўлга қўйилган. Мактабнинг кучли шўрланган ери Санобар Хўжамуродованинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Ҳаракат дастури”га мувофиқ бугун обод гўшага айланди. Мактаб ҳовлисида бугун “Устозлар боғи”, “Битирувчилар боғи”, “Ёшлар боғи” барқ уриб ривожланмоқда. Ям-яшил нинабаргли дарахтзорлар орасидаги парвозга шайланган турналар худди мактаб бағридан учирма бўлиб, мустақил ҳаётга қадам ташлаётган ёшларнинг орзулари рамзи каби туйғуларни уйғотади дилларда.
– Ҳар синфнинг ўз гулзори бор, – дейди Санобар. – Ўқувчилар меҳнат дарсларида табиат қўйнида ўзлари эккан гулларни парваришлайдилар, ҳатто бундан завқ оладилар. Уларнинг қалбларида она табиатга меҳр уйғонади бундай дарсларда.
Ҳамиша ҳаётда олдинга интилиб яшашга ўрганган бу тиниб-тинчимас аёлнинг эришган, эришаётган ютуқлари бисёр. Уларнинг барчасини битта мақолага жо этиш мушкул. Санобар Хўжамуродованинг ҳар бир ўтаётган иш кунлари ҳақида мен оддийгина қилиб Санобар – устоз, Санобар – раҳбар, халқ депутати, жамоат фаоли, зукко ва билимдон репетитор, ташкилотчи ва куюнчак таълим фидойиси ва ниҳоят ўқимишли, тарбияли фарзандларнинг меҳрибон онаси, жонажон бувиси дегим келади. Чунки ўз меҳнати билан аввало жамоасида, қолаверса, устоз сифатида элда эъзоз топган бу аёлнинг жамики, эзгу ишларини халқ билади, холиқ ҳам!
Камтарин ва самимий дўст, дилкаш суҳбатдош, шоирқалб, уддабурон инсон – Санобар Хўжамуродованинг эзгу ишларини давлатимиз ҳам катта ҳурмат ва эҳтиром ила “Қорақалпоғистон халқ ўқитувчиси” деган юксак мақом ила мукофотлаганлигининг ўзи Санобар Хўжамуродова шахсига берилган энг катта баҳодир.
Pобия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶