9 май - Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан байрам тадбири ўтказилди
Юртимизда 9 май Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Бугунгидек дориломон, осуда ҳаёт учун курашган, Иккинчи жаҳон урушининг оловли сўқмоқларида жон олиб-жон бериб, ғалабага муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизнинг матонати, жасорати байрам кунлари яна бир бора эътироф этилади.
Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1,5 миллион киши урушга сафарбар қилинган. Уларнинг 500 мингдан зиёди жанг майдонларида ҳалок бўлган. Туманимиздан эса 4344 нафар алп йигитлар урушга отланишган ва уларнинг 1520 нафаригина омон қайтиб келишга муяссар бўлишган. Бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг 3 нафаригина ҳаёт бўлиб, озод ва обод даврда кексалик гаштини сурмоқда. Улар байрам олдидан Юртбошимиз Фармонига мувофиқ 7 млн. 500 минг сўм бир марталик пул мукофоти билан тақдирланди, нуронийларимиз учун муносиб турмуш шароитлари яратилди. Байрам арафасида давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари уруш фахрийларининг уйларига ташриф буюришиб, уларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатишди, ғалабага муносиб ҳисса қўшиб, дунёдан ўтган собиқ жангчилар хотираси ёдга олинди.
9 май куни Манғит шаҳридаги Хотира боғида ҳам Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан тантанали маросим ўтказилди. Унда туман ҳокимлиги, Мудофаа бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва бошқа корхона-ташкилотлар раҳбарлари, уруш фахрийлари, фронт орқасида ғалабага муносиб ҳисса қўшган меҳнат фахрийлари, ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.
Тантанали маросимни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Темирбоев очди ва олиб борди. Туманимиз ҳокими С.Йўлдашев, "Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси Б.Аллаберганов, Ёшлар иттифоқи фаоли А.Ҳайитбоев, “Юсуф эшон бобо” жомеъ масжиди имом-хатиби А.Матсапаевлар урушнинг даҳшатли оқибатлари, фаровон, осойишта кунларнинг қадрига етиш ҳақида гапирдилар. Ўтганлар руҳига атаб Қуръон тиловат қилинди. Шундан сўнг, жанговар марш садолари остида мангу ёниқ олов пойига гулчамбарлар қўйилди.
Туман Маданият бўлими ва Манғит шаҳридаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари томонидан тайёрланган саҳналаштирилган мусиқий дастур намойиш этилди, тинчликнинг қадр-қимматини, бахтиёр замонамизни улуғловчи куй-қўшиқлар янгради. Уруш ва меҳнат фахрийлари ўзларига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиромдан чексиз миннатдор бўлдилар.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶