Халқаро оила куни муносабати билан “Оила қадриятлар бешиги” номли тадбир ўтказилди
Мамлакатимизда 15 май –“Халқаро оила куни” кенг нишоланиб келинмоқда. Бу йил ҳам жойларда ушбу кун муносабати билан турли тадбирлар, кўрик-танловлар, давра суҳбатлари ва учрашувлар бошланиб кетди. Туманимиздаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида “Менинг оилам – менинг қуёшим”, “Биз бахтли оиламиз”, “Отам, онам, мен – аҳил оиламиз” мавзуларида танловлар, викториналар, спорт мусобақалари, овул ва маҳаллаларда оила ҳафталиги, “Ибратли оила” кўрик-танлови, “Китоб – хонадонимиз хазинаси”, “Китоб – қиз сарпосининг безаги” акциялари ташкил этилди.
16 май куни Манғит Истироҳат боғида “Халқаро оила куни”га бағишлаб “Оила қадриятлар бешиги” номли катта тадбир ўтказилди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими раҳбари Г.Юсупова, ФҲДЁ бўлими бошлиғи С.Холбоева, туман ИИБ ҲПБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори, катта лейтенант Д.Шарифова, Ёшлар иттифоқи туман Кенгаши раиси М.Шерметов ҳамда туман Хотин-қизлар қўмитасининг маҳаллалардаги мутахассислари, фаол аёллар қатнашдилар. Сўзга чиққанлар мазкур тадбирнинг жамият учун, оила учун аҳамияти, оилаларнинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги юртимиз тараққиёти учун нечоғли муҳимлиги, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилада маънавий-ахлоқий қадриятларни қарор топтириш, оиланинг тутган ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида гапирди. Оилалардаги ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик жамиятда ҳам катта ўрин тутишини эътироф этдилар.
Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилган танловларда ғолиб бўлган ўқувчи-ёшларга, тадбирларда фаол иштирок этган оилаларга, “Ибратли оила” Республика танловининг туман босқичи ғолиби бўлган 5 та оилага ҳамкор ташкилотлар томонидан “Фахрий ёрлиқлар”, совғалар топширилди.
Тадбир туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган мусиқий дастур билан давом эттирилди ва оилани, меҳр-муҳаббатни улуғловчи куй-қўшиқлар бахтли оилаларнинг шўх рақсларига уланиб кетди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶