1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни кенг нишонланди (+фото, видео)
Боланинг беғубор кулгусидан, самимий қувончидан бутун олам шодликка тўлади. Меҳр риштаси бўлган болажонлар билан оилалар чароғон, ҳаёт гўзал ва нурафшондир.
Бутун дунёда 1 июнь - Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни деб белгиланган бўлиб, ушбу кун жажжи кичкинтойларнинг байрами сифатида кенг нишонланади. Кўпчилик мамлакатлар ва шаҳарларда эса бу байрам болалар ҳуқуқлари ва уларни ҳимоя қилиш ҳақида мунозара ва маърузалар ўтказиш билан нишонланади. Болалар кунида спорт мусобақалари, концертлар, кўнгилочар шоулар ўтказилади. Юртимизда ҳам болалар учун турли-туман қувноқ ва маданий-оммавий тадбирлар ташкиллаштирилади.
1 июнь куни Манғит шаҳридаги Истироҳат боғи эрталабдан болажонлар билан гавжум бўлди. Мазкур масканда Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишлаб “Ҳар бир болага меҳр, эътибор!” деб номланган катта тадбир ўтказилди. Тадбирда туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси М.Аҳмедова, туман ҳокимининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари А.Йўлдошев ҳамда мутасадди ташкилотларнинг раҳбар ва масъул ходимлари болажонларни сана муносабати билан самимий қутлаб, истиқбол эгаларига порлоқ келажак тилади. Сўнгра болажонларга байрам совғалари улашилди.
Байрам тадбири кенг қамровда ўтказилиб, унда маънавий-маърифий, интеллектуал ўйинлар, спортчилар чиқишлари намойиш этилди. Туман Маданият бўлими, Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, “Баркамол авлод” болалар ижодиёт марказининг иқтидорли ёшлари, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари томонидан куй-қўшиқ ва шеърлар, гўзал рақслар ижро этилди. Турли эртак ва мултфильм қаҳрамонлари ҳам байрамга ташриф буюрган болажонларга қувноқ ва кўтаринки кайфият улашишди.
Истироҳат боғида ўрнатилган ажойиб аттракционлар байрам куни болажонларга беминнат хизмат қилди. Кўтаринкилик билан ўтган байрам тадбирида озод ва обод, жаннатмакон юртда туғилиб, ҳеч кимдан кам бўлмай улғаяётган жажжи болажонлар мириқиб ҳордиқ чиқаришди.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶