2022 йилда Ўзбекистон Республикаси бўйича аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилмоқда
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастурини қўллаб-қувватлашини эътиборга олган ҳолда, аҳоли сонининг аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлашга қатъий даъват этмоқда. Ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш мақсадида республикамизда 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади.
Шу ўринда айтиш жоизки, мустақиллик йилларида бундай жараён ҳали бўлиб ўтмаганди. Бу эса аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, фуқароларнинг республика ҳудудидаги жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликларга оид мавжуд маълумотларни қўллашнинг сезиларли даражада чекланишига олиб келаётган эди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишга кўмаклашувчи ҳудудий комиссиялар ташкил этилади. Улар рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлашади ва жараёнга масъул ҳамкор ташкилотлар иш фаолияти самарадорлигини оширишга, жараёнга жисмоний ва юридик шахсларни жалб қилишга, уларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш масалаларини ҳал қилишга масъул ҳисобланади.
Аҳолининг рўйхатдан ўтказилиши республикамиз ҳаётида муҳим жараён сифатида ўрин эгаллаши шубҳасиз. Бу ҳар бир фуқаронинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини яққол намоён этади. Шу билан бирга келгусида аҳоли фаровонлигини янада оширишда олиб борилиши керак бўлган ишлар кўламини аниқлашга ҳам ёрдам беради.
Ҳ.Ҳайтимбетов,
туман Статистика бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶