14 январь – Ватан ҳимоячилари куни БЎЛҒУСИ ВАТАН ҲИМОЯЧИЛАРИНИНГ УСТОЗИ
Она Юрт ҳимоячиси. У Ватан тараққиёти, халқ осойишталиги ва тинчлигини сақлашдек муқаддас бурч туйғуси билан яшагувчи инсон. Унинг орзу-ниятлари ҳам, интилишлари ҳам Ватан, халқ тақдири, келажаги билан боғлиқ. Ҳаётини Ватанга садоқат билан хизмат қилишдек буюк вазифани адо этишга бағишлаган Она юрт ҳимоячилари бўлиш ҳар бир йигитнинг энг катта орзуси.
\Холимбег овулидаги 17-сонли умумтаълим мактабининг чақириққача ёшларни тайёрлаш ва жисмоний тарбия бўйича раҳбари Турсунбой Тагаев болалигиданоқ ана шундай орзу оғушида яшади. 1983 йилда Бухоро Давлат педагогика институтининг бошланғич ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия факультетига ўқишга кирди. Қатъий ҳарбий интизом асосида олиб бориладиган институт таҳсили жараёнида шуни англаб етдики, ҳақиқий Ватан ҳимоячисини тарбиялаш – Ватан сарҳадларида собит аскарлар хизматидан ҳам масъулиятлироқдир. Чунки Она юрт ҳимоясига ҳар жиҳатдан етук, жисмонан кучли йигитларни саралаш умумтаълим мактабларидан бошланади.
У 1988 йилда институтни муваффақиятли тугатиб, бошланғич ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия фани ўқитувчиси сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлади. Нафақат ўзи туғилиб-ўсган Холимбег овулида, балки туманимизнинг Қиличбой мавзесида Турсунбой Тагаев ўз дарс ўқитиш услуби, айниқса, чақириққача ёшларни тайёрлаш бўйича олиб борадиган машғулотларидаги изчиллик ва аниқлик туфайли танилди. Ўқувчилари эса ҳарбий таълим ва жисмоний тарбия дарсларининг билимдонларига айланишди.
Фидойиликнинг, айниқса, таълим-тарбия соҳасидаги ҳалол меҳнатнинг қадри ҳамиша баланд. 2019 йилнинг 1 октябрь санаси - Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Турсунбой Тагаев Қорақалпоғистон Халқ таълими аълочиси кўкрак нишони билан тақдирланди. Унинг ёш авлодни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасидаги фидойи меҳнати бир неча марта юқори ташкилотлар, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими Вазирлиги томонидан эътироф этилиб, фахрий ёрлиқлар билан мукофотланди.
Дарвоқе, Холимбег овулида ҳарбийлар оилалари сафи анчагина. Турсунбой Тагаевнинг шогирдларидан Жамол Бобожонов, Каромаддин Дўсиевлар ҳарбий соҳани танлашган ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидаги ҳарбий қисмларда хизмат қилишмоқда. Холимбегликлар фарзандларининг Она юрт ҳимоячиси бўлишдек шарафли касбни танлашларида қарийб 31 йилдан бери ёшлар қалбида ватанпарварлик ғояларига садоқат туйғусини уйғотиб, маънан ва жисмонан етуклик сари ундаб, таълим ва тарбия бериб келаётган юзлаб инсонларнинг севимли устози, ватанпарварликнинг ҳақиқий тарғиботчиси Турсунбой Тагаевнинг муносиб ҳиссаси бор.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶