“ЗУККО КИТОБХОН” ТАНЛОВИ ЁШЛАРНИ БАРКАМОЛЛИККА УНДАЙДИ
Китоб – инсоннинг энг яқин дўсти, маслаҳатгўйи. Баъзан ҳаётда топа олмайдиган моҳиятларни китоблардан топамиз. Шунинг учун ҳам турмушдаги зиддиятларни енгиб ўтишда биз китоб мутолаасидан куч оламиз.
Ёшлар онгини бузғунчи ғоялардан муҳофаза қилиш, турли хил “ахборот хуружлари”дан ҳимояланиш учун мафкуравий иммунитетни ошириш муаммоси ҳам ўнлаб китобларда ўз аксини топган. Бундай китобларни қунт билан мутолаа қилганларнинг “ахборот хуружлари”га қарши иммунитети юқори даражада бўлади. Шу боис мамлакатимизда ёш авлодни китоб мутолаасига жалб этиш, китобхонликка қизиқишларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди ва кўплаб самарали ишлар амалга оширилди.
76-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Зукко китобхон” танловида китобхон ёшлар бу ҳақда тўлиб-тошиб гапирдилар. Неча минг йиллардан буён инсонларга тўғри йўлни кўрсатиб келаётган, уларнинг билимли, тарбияли, касб-ҳунарли ва бахтли бўлишининг муҳим омили – бу китобга дўст бўлиш, ва китоб ўқишни канда қилмаслик кераклигини сўзладилар. Айниқса, ёшларнинг ҳаётида китобнинг алоҳида ўрни борлигини, яхши китоб инсонда Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғуларини юксалтириб, яхшилик ҳамда эзгуликка ундашини алоҳида таъкидладилар.
Шундан сўнг, 7-синф ўқувчилари бешта шарт бўйича ўзларининг китобхонлик қобилиятларини амалда намоён этдилар. Уларнинг билимдонликлари танлов иштирокчилари ва устозлар томонидан эътироф этилди.
Аввало иштирокчилар ўзларини таништириш шартини қойилмақом қилиб уддалашди. Ўзи, оиласи, орзуларини шеърий талқин этишиб, барчанинг олқишига сазовор бўлдилар.
Танловнинг иккинчи шарти “Мақоллар матнини давом эттириш” деб номланди. Бунда иштирокчиларнинг эслаб қолиш қобилияти, халқ оғзаки ижодидан қанчалик хабардорлиги, нутқ маданияти синовдан ўтказилди.
Мумтоз ва ҳозирги замон ўзбек адабиёти ҳамда чет эл адабиёти намояндаларининг асарлари юзасидан бўлган савол-жавоблар, ўзлари ўқиган асарлар бўйича саҳна кўринишларини намойиш этиш, баҳри-байтлар айтишиш каби шартлар янада қизиқарли бўлди.
Танловнинг ҳар бир шарти бўйича иштирокчиларнинг қобилиятлари ва маҳоратлари томошабинлар томонидан олқишланди. Бу эса ҳар бир ёш қалбда китобхонликка ҳавас ва ихлос уйғотди.
“Зукко китобхон” танловининг ғолибларини аниқлашда уларнинг ҳар бир шарт бўйича олган балларидан ташқари, мутолаа маданияти ва матнларни ифодали ўқиш санъати, ўзини тутиши, саҳна маданиятига амал қилишлари ва нутқ маданиятига ҳам алоҳида эътибор берилди. Ҳакамлар ҳайъатининг хулосасига кўра, 7-“В” синф ўқувчилари танлов ғолиби бўлдилар.
“Зукко китобхон” танловининг фаол иштирокчиларига мактаб маъмурияти томонидан фахрий ёрлиқлар тақдим этилди.
Р.ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶