21-СОНЛИ БОЛАЛАР МУСИҚА ВА САНЪАТ МАКТАБИ ЎҚУВЧИЛАРИ КЎРГАЗМА ТАШКИЛ ЭТДИЛАР
Мана, бир йилдирки, мамлакатимиз ёшлари ҳаётига эзгуликлар бахш этиб, қалбларида илм-ирфон сари интилиш, келажакка юксак ишонч туйғуларини уйғотган 5 та муҳим ташаббус доирасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, уларни тасвирий санъат, мусиқа, рассомлик, адабиёт ва театр санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини қўллаб-қувватлаш, қобилият ва иқтидорларини намоён этишлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда.
Қипчоқ шаҳарчасидаги 11-сонли умумтаълим мактабида 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг тасвирий санъат йўналиши бўйича ўқитувчилари Расул Айтжонов ва Хонимжон Исмоиловалар раҳбарлигида “Мен она юрт шайдосиман” мавзусида расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Ёш ижодкорларни кенг жамоатчиликка яқиндан таништириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилган кўргазма очилишида иштирок этган мактаб масъуллари ва ўқитувчилар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таълим, маданият, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштиришга оид амалий ишларидан халқимиз мамнун бўлаётганини таъкидлади. Шу ўринда фанга доир янгиликлар, тўгараклар фаолияти, ўқувчилар учун яратилган шароитлар, имкониятлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, тўгарак ўқитувчилари тасвирий санъат фақат кўриш мумкин бўлган нарсаларнигина тасвирлаб қолмай, балки ижодкорлар асарларида ҳодисаларнинг вақтинчалик ривожини ҳам акс эттиришини, инсоннинг руҳий қиёфасини, унинг ўзгалар билан ўзаро муносабатларини ҳам тасвирлашини айтиб ўтди.
Кўргазмада 21-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг тасвирий санъат йўналиши бўйича таҳсил олаётган 11 нафар ўқувчининг ижодий ишлари намойиш этилди. 11-сонли мактаб биносида ташкил этилган ушбу кўргазма ўқувчилар, ёш мусаввирлар, уларнинг устозлари, ота-оналари билан гавжум бўлди.
Ўқувчи-ёшлар томонидан яратилган Ватанимиз манзаралари, миллий анъана ва қадриятларимиз, баҳорий гўзалликлар акс эттирилган картиналар, ижод намуналари кўргазмада асосий ўринни эгаллади. Энг сара деб топилган ва намойишга қўйилган “Мен она юрт шайдосиман”, “Менинг жонажон қишлоғим”, “Амударё - азиз диёр” “Ўзбекистон – тенги йўқ Ватан” мавзуларидаги рангтасвир жанридаги асарларни иштирокчилар мароқ билан томоша қилдилар. Ўз тенгдошлари ижоди билан танишиш асносида тадбир иштирокчиларининг қалбларида рассомлик санъатига, ранглар жилосида товланаётган она юрт манзараларига нисбатан меҳр-муҳаббат туйғулари уйғонди. Ўз навбатида ўқувчиларнинг тасвирий санъат, ижодий изланишга оид билимларини янада бойитди.
Тадбирда бир гуруҳ ўқувчи-ёшлар ўзларининг келажакдаги орзулари ҳақида гапириб, Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг ўз ҳаётларида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида ўзаро фикр алмашдилар.
Мазкур кўргазма “устоз – шогирд” анъаналарининг бардавомлигини кўрсатди. Шунингдек, ижодкорларнинг ўзаро тажриба алмашиши, ёшларнинг билим ва тафаккурини кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этди.
Р.ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶