БОЛАЖОНЛАР ЮРТИМИЗНИНГ УЛУҒ СИЙМОЛАРИГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИШДИ
Мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожлантириш энг муҳим вазифалардан саналади. Мактабгача таълим ташкилотларида шу боисдан болаларнинг она Ватан ва атроф-олам, буюк сиймолар, байрамлар, машҳур саркардалар ҳақидаги билимларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Манғит шаҳрида жойлашган 7-сонли мактабгача таълим ташкилотида болажонларнинг яйраб-қувнаб, ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Овқатланиш, дам олиш, таълим олиш учун алоҳида хоналар мавжуд бўлиб, уларнинг ташкилотдаги вақтлари мазмунли ва мақсадли ўтиши учун эътибор қаратилмоқда.
Ҳозирги замонавий илм-фан болаларга боғча ёшидан илм-маърифат ўргатиш, илм олишга рағбатлантириш, бунинг учун таъсирчан воситалардан фойдаланиш лозимлигини уқтирмоқда.
Мазкур мактабгача таълим ташкилотида ҳам бу борада талай ишлар олиб борилаяпти.
Шу йилнинг 24 февралида ташкилот қисқа гуруҳи тарбиячиси Гўзал Йўлдошеванинг “Ўзбекистоннинг буюк сиймолари” мавзусидаги намунали очиқ дарси ўтказилди. Тадбирда туман Мактабгача таълим бўлими масъуллари, туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотлари қисқа гуруҳлари тарбиячилари ҳам иштирок этдилар.
Ташкилот тарбиячиси Гўзал Йўлдошева намунали очиқ дарсида аввало мазкур дарсни ташкил этишдан кўзланган мақсадлар ҳақида батафсил тушунча берди ва тарбияланувчиларни 5 та гуруҳга ажратди.

Дарс мақсадига мувофиқ болажонларга диёримиздан етишиб чиққан улуғ аллома боболаримиз Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва илмий, адабий мероси ҳақида болаларга тушунарли тилда баён қилиб берди. Болажонларни уларга муносиб ворислар бўлиб етишишга, бунинг учун келгусида мактабда илм асосларини пухта эгалламоғи лозимлигини айтди ва одобли, оиласига, юртига меҳрли бўлиб вояга етишга чақирди.
Дарс мавзусига мос безатилган улкан хонада миллий кийимлар кийиб, пешонасига дуррачалар боғлаб олган жажжи ўғил-қизлар бешта гуруҳга бўлиниб, ҳар бир гуруҳ аъзолари ўз иқтидорларини намойиш этдилар.
Болажонларнинг ўзига хос ширин тилда Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодидан тарбиячи кўмагида ёд олган ғазаллар, рубоийларни ижро этиши барчага завқ бағишлади. Шунингдек, бу икки улуғ шоир ҳаётига оид, асарларига оид саҳна кўринишларини маҳорат билан ижро этишлари чиндан-да олқишларга сазовор бўлди.
Руҳшунослар таъкидлашича, аслида қобилиятсиз боланинг ўзи бўлмас, фақат ушбу яширин қобилиятни англаб, боланинг намоён этишига шароит яратиш зарур экан. Ушбу намунавий очиқ дарсни кўрган киши бунга қайта-қайта иқрор бўлиши тайин.
Туманимиздаги мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган, келгуси ўқиш йилида мактабларнинг 1-синфларига қадам қўядиган ўғил-қизлар учун мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилган қисқа гуруҳлар уларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаётгани қувонарли ҳолдир.
Илк бошланғич таълим олиб, ҳарфларни, сонларни ўқиш-ёзишни ўрганаётган болалар мактаб таълимини ҳеч қийналмай ўзлаштириб кета оладилар. Юқоридагидек тадбирлар эса уларнинг тафаккури яна ҳам кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, тарбиячиларнинг ҳам шахсий тажрибасини ривожлантириш ва ҳамкасблари билан ўзаро бирдамликни йулга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶