ҚОРАМОН МАҲАЛЛАСИДА АЁЛ-ҚИЗЛАРГА ЭҲТИРОМ КЎРСАТИЛДИ
Аёл борки, олам мунаввар. Аёлнинг ўз фарзандини оқ ювиб, оқ тараб, вояга етказгунича, оила аталмиш қўрғоннинг тинч-осойишталигини сақлашдаги хизматларини ҳеч нарсага тенглаштириб бўлмайди. Нозиккина жуссасида оламча қудрат яширинган аёл юрган йўллардан гуллар унади, унинг ўзига хос саботи, матонати ила наинки хонадони, балки чор-атрофи ҳам файзга тўлади.
Шу боисдан ҳам жамиятимизда аёлларнинг роли улкан. Уларнинг иқтидор ва салоҳиятини яна ҳам юксалтириш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган улуғвор ўзгаришларда фаол иштирокини таъминлашга эътибор тобора кучайтирилмоқда. Айниқса, халқаро хотин-қизлар куни байрамида уларга бўлакча ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади, эл ардоғида бўлади.
Туманимизнинг чекка ҳудудида жойлашган Қорамон маҳалласида ҳам ушбу сана қизғин нишонланди. Маҳаллада оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, азалий қадриятларимиз ва урф-одатларимизнинг тарбиявий аҳамиятини кенг тарғиб қилишда алоҳида ўрнак бўлаётган фаол аёллар, онахонлар ва тенгдошларига ўқишда, ишда намуна бўлаётган қизлар маҳалла ҳудудидаги “Омон ота” тўйхонасига таклиф қилинди.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мурод Абдуллаев раҳбарлигида маҳалла ҳудудидаги фермерлар ҳомийлигида ташкил этилган тадбирда нуроний онахонлар, аёл-қизлар учун тўкин дастурхон ёзилди. Уларнинг шаънига илиқ сўзлар айтилиб, совғалар ҳадя қилинди.
Тадбирда аёл-қизлар байрамига бағишлаб намойиш этилган мусиқий дастур барчага байрам кайфиятини ҳадя этди. Ўзларига кўрсатилган эътибор ва ҳурматдан кўнгиллари шод бўлган овулнинг аёл-қизлари шўх ва дилтортар наволар, қўшиқларни мириқиб тингладилар, дилдан яйраб ҳордиқ чиқардилар.
Бир кўнгил – минг Каъба, дейди халқимиз. Бировнинг кўнглини кўтармоқ эса унчалик мушкул иш эмас. Озгина меҳр-эътибор, илиқ сўз ҳар қандай олтин-у зардан аъло, инсон кўнгли меҳрдан юксалади, ўзида оламча қудрат туяди ва ҳаётидан мамнунлик ҳис қилади. Шу боисдан ҳам байрамларда нуроний кексаларимиз, яқинларимизнинг дуоларини олишга шошамиз, зиёрат қиламиз. Яхши сўзларимиз билан кўнгилларини овлаб, ҳаётий сабоқ бўлувчи хотираларини тинглаймиз.
Маҳаллада истиқомат қилувчи 5 нафар кам таъминланган оилалар бекаларидан ҳам тадбиркор Мурод Ибрагимов байрам баҳона хонадонларига бориб хабар олди ва совғалар берди.
Шунингдек, маҳаллада сумалак қайнатиш маросими ҳам ўтказилди. Маҳаллада истиқомат қилувчи тенгдош, синфдош жўралар Тозабой, Азамат, Фарҳод, Дилшод, Ўтамурод, Отабеклар оилалари билан биргалашиб, ҳар йили бир хонадонда сумалак учун буғдой ундиришади, уни ҳамжиҳатликда қайнатишади. Кўклам кириб келишини ўзига хос байрам қилишади.
Бу йил ҳам улар байрам олдидан кўкламнинг илк кунида ҳаммани сумалакка чорлашди. Иноқликда ўрнатилган дошқозонлардаги сумалакни тобига, маромига етгунча қайнатишди. Биргаликда янги фаслнинг илк кунини хурсандчилик, шоду-хуррамлик билан қарши олишди. Эртаси куни эса қариндошларга, кўшниларга ҳамжиҳатликда етилиб пишган тотли сумалакларни тарқатишди.
Хуллас, кўклам, аёл-қизлар байрамларига бағишлаб ўтказилган тадбир-у тантаналар Қорамон маҳалласида яшовчи аҳоли ёдида ўчмас хотиралар қолдирган кун бўлди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶