ПАРТИЯ ФАОЛЛАРИ ВА ЁШЛАР ИШТИРОКИДА ОБОДОНЛАШТИРИШ АКЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ
Юртимизда турли байрамлар, муҳим саналар олдидан худудларни ободонлаштириш, озода-ораста қилишга интилиш яхши анъанага айланган. Чунки умумий уйимиз – юртимизнинг ободлиги, кўркамлиги, файзу таровати ҳар биримизнинг интилишимизга боғлиқ. Айниқса, бундай эзгу ишларни ҳамжиҳатликда, бирдамликда бажариш кўнгилларни, мақсадларни бирлаштирибгина қолмасдан иш унумини ҳам оширади. Айтиш жоизки, бу борада ҳамкорликда иш олиб бориш кўп минг йиллик анъаналаримиздан биридир.
У нафақат бир юмушни кўпчилик бўлиб тез ва осон бажариш имконини бериши, шу билан бир қаторда, инсонларни бирдамликка, аҳилликка ва меҳр-оқибатга ундаши билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жойларда ташкил этилаётган бундай ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, тозалаш ишларида кексалар ҳам иштирок этиб, ёшларга халқимизнинг бир неча юз йиллардан буён эъзозланиб келинаётган бу каби урф-одатлари, қадриятларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтиришлар бермоқдалар. Бу эса ўз навбатида униб-ўсиб келаётган ёш авлоднинг миллий анъана ва қадриятларимизга нисбатан ҳурмат руҳида тарбия топишларига ёрдам беради.
ЎзМТДП туман Кенгаши томонидан туманимиздаги “Юсуф эшон бобо” жомъе масжидида “Наврўзинг – янги кун, янги давронинг муборак, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида ўтказилган ободонлаштириш акциясида ҳам ёшлар билан бир қаторда кексалар, партиядан сайланган депутатлар фаол иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорининг жойлардаги ижроси таъминланишига ҳисса қўшиш мақсадида ўтказилган акция доирасида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мамлакат ҳудудида кўкаламзорлаштириш ишлари ташкил этилмоқда. Бутун Ўзбекистон бўйлаб 2020 йилнинг 10-20 март кунлари давомида партия фаоллари ва депутатлари томонидан худудлардаги маданий мерос объектларида умумхалқ ҳашарлари, кенг қамровли ободонлаштириш ишлари ўтказилади.
Ободонлаштириш акциясида ЎзМТДП туман Кенгаши ходимлари, Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, “Юсуф эшон бобо” жомъе масжиди имом хатиблари, тумандаги 56-сонли умумтаълим мактаб ўқитувчиси, партия фаоли Азимбой Сапарбаев, Хушнуд Чоршамовлар ҳамда 60 нафардан ортиқ ёшлар кўнгилли бўлиб иштирок этдилар.
Акция давомида “Юсуф эшон бобо” жомъе масжиди ён-атрофлари, йўлаклари тозаланди, томорқа ерлари тартибга келтирилди ҳамда ҳар хил мевали, манзарали дарахтлар, гул кўчатлари экилди.
Яхши ишни ҳар ким, ҳар куни қилиши лозимлиги тарбиявий мазмундаги китобларда кўп таъкидланади. Бу билан аввало инсоннинг ўзининг кўнгли кўтарилади, тозаради. Қолаверса, ҳар бир бир яхши ишнинг орқасидан эзгуликлар яралади. Шу маънода олиб қарайдиган бўлсак, ўтказилган акция Наврўз умумхалқ байрами олдидан халқимизнинг азалий қадриятларига ёшларнинг ҳурмат-эътибори намунаси бўлди, десак адашмаймиз.
О.РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶