ТУМАН ҲОКИМИ ТАШАББУСИ БИЛАН ТУМАН ТИББИЁТ БИPЛАШМАСИНИНГ БОЛАЛАP ЖОНЛАНТИPИШ БЎЛИМИГА ЗАМОНАВИЙ ТИББИЙ ЖИҲОЗЛАP КЕЛТИPИЛДИ
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти шифохоналарнинг жонлантириш бўлимида даволанаётган беморлардан 40 фоизининг ҳаётга қайтарилишини одатдаги меъёр деб ҳисоблашади. Чунки бу бўлимга касаллик энг зўрайган ё ўтказиб юборилганлиги туфайли оғир аҳволга тушиб қолган беморлар қабул қилинади.
Бу ҳақда гапириш осон. Бироқ ҳаёти қил устида турган беморнинг яшаб кетишига умид қилиб, шифохона эшигида турган одамнинг ҳолатини тасаввур этиш қийин. Агар у янги туғилган чақалоқ, энди тетапоя қадам ташлаб оиласига чексиз шодликлар ҳадя этаётган, илк сўзлари билан ота-онаси кўнглини осмон қилган бола бўлса ҳам, шифокорлар шу ерга умид билан келган инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ҳаракат қилишади.
Шуниси аниқки, ҳеч бир дард рухсат сўраб, ўзини маълум қилиб келмайди. Баъзан тузалиб кетар, деган илинж билан шифокорга мурожаат қилмасдан уйда даво қилиш, баъзан бахтсиз ҳодиса туфайли инсон оғир аҳволга тушиб қолиши мумкин.
Туман Тиббиёт бирлашмасининг Болалар жонлантириш бўлимида ана шундай ҳолга тушиб қолган болажонларнинг ҳар йили 800-900 нафари даволанади. Эгамберган Хидиров раҳбарлик қилаётган ушбу бўлимда 6 нафар малакали шифокорлар, 26 нафар ўз касбининг фидойиси бўлган ҳамширалар меҳнат қилишади.
Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан 2019 йилда оғир аҳволдаги бемор болаларнинг, муддатидан аввал, ҳаётда яшаб кетишга ҳали тайёр бўлмасидан туғилган болаларнинг 95 фоиздан зиёди ҳаётга қайтарилди. Бу ҳатто дунё кўрсаткичидан икки баравар юқори натижага эришилишининг бир омили борки, буни эътироф этмаслик мумкин эмас. Бу – тиббий хизмат сифати юқори бўлишини таъминлаётган моддий-техник базадир.
Ўтган йилнинг ўзида туман ҳокимининг ташаббуси билан маҳаллий бюджет ҳисобидан асоратлар билан туғилган чақалоқларга меъёрида нафас олишига кўмаклашувчи 1 та 180 млн. сўмлик аппарат, 1 та 187 млн. сўмлик сунъий нафас бериш аппарати, 1 та 115 млн. сўмлик ҳаводаги кислородни бойитиб берувчи аппарат, шунингдек, 1 та янги туғилган чақалоқларни инкубаторда узлуксиз назорат қилувчи аппаратлар келтирилди. Бу хайрли иш болалар жонлантириш бўлимидаги ҳаёти хавф остида қолган болажонларни ҳаётга қайтариш фоизини яна ҳам юқори кўтаришга хизмат қилади, албатта.
Туман ҳокимининг бу ташаббуси бўлимнинг оғир асоратлар билан, муддатидан бурун ҳали ҳаётда яшаб кетишга тайёр бўлмай туриб туғилаётган чақалоқларнинг ҳаётга мослашиб, яшаб кетишига хизмат қиладиган замонавий жиҳозлар билан таъминланишига хизмат қилиши билан жуда эътирофга лойиқдир. Бу ажратилаётган маблағлар юртимизда кичкинтой болажонлар ҳаёти ҳар қандай маблағлардан ҳам азиз эканлигининг бир исботидир.
Ҳа, халқимиз болажон халқ, борини боламга деб яшайди. Халқимизнинг бу азалий қадриятлари давлатимизнинг бош сиёсатига айланганлиги таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқада соҳаларда яққол намоён бўлаётир.
Ҳудудимизда экологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда янги дунёга келаётган авлодларга қаратилаётган бунингдек, ғамхўрликлар келажакда ўзининг ижобий самараларини беришига ишонамиз.
О.PАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶