“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида эҳтиёжманд оилаларга кўмак берилмоқда
Мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Шунга қарамай, аксарият вилоят ва туманларда корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаяпти.
Таъкидлаш керакки, бутун дунёда бўлгани каби бу мураккаб жараён юртимизни ҳам четлаб ўтаётгани йўқ. Шундай вазиятда аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президентимиз ҳам ўзбек халқининг тарихий ва маънавий қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат ва ҳиммат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини йўлга қўйиш ташаббусини илгари сурди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида қилинаётган ишлар бутун мамлакатимизда бўлгани каби туманимизда ҳам қизғин тус олмоқда. Хусусан, 4-сектор ҳудудида яшовчи кам таъминланган оилаларга "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида кўмак бериш мақсадида туманда фаолият юритиб келаётган 57 та тадбиркорлик субъектлари, корхона ва ташкилотлар бириктирилди. Айни пайтда кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш, нақд пул кўринишида ва банд бўлмаган инсонларни доимий иш ўринларига жойлаштириш орқали амалий ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Хусусан, ҳозирга қадар сектор ҳудудидаги кам таъминланган оилаларга жами 31 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилган бўлиб, шундан 171 та оилага 30 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказилди. 6 та оилага 1 млн. сўмлик нақд пул кўринишида ёрдам берилди. Шунингдек, кам таъминланган оилаларда яшовчи 24 нафар фуқаро мавсумий ишларга жойлаштирилди ва уларнинг ҳар бирига 751 минг сўмлик иш хақи олишларга имконият яратиб берилди.
Сектор ҳудудидаги пандемияга қарши курашишда фаол қатнашиб, эҳтиёжманд оилаларга беғараз ёрдам кўрсатиб келаётган тадбиркорлардан Жумабой Авезметов ва Азим Авезметовлар томонидан Чордара маҳалласида яшовчи 20 нафар кам таъминланган эҳтиёжманд оилага жами 8 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди. Шунингдек, туманда фаолият юритиб келаётган “Юлдуз-Қундуз” кўп тармоқли хусусий фирмаси ҳам Қангли овул фуқаролар йиғинидаги эҳтиёжманд 8 та оилаларнинг ҳар бирига 200 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиб, муҳтожларга ёрдам кўрсатди.
Кун сайин ортиб бораётган бу каби хайрли тадбирлар Қиличбой овулидаги Aёқчи маҳалласида ҳам иш амалга оширилди.
Туманимиздаги саховатпеша тадбиркорлардан бири якка тадбиркор Ойгул Болтабоева Aёқчи маҳалласидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож 24 та хонадонга саховат ва кўмак қўлини чўзди. Тадбиркор хайрли тадбир доирасида хонадонларга ёғ, туз, картошка, сабзи, карам, пиёз каби 6 хилдаги озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатди. Саховатдан баҳраманд бўлган оилалар бундан жуда мамнун бўлдилар ва миннатдорлик изҳор этдилар. Тадбиркор Ойгул Болтабоева муҳтожларга мурувват кўрсатиб, уларнинг оғирини енгил қилди.
Шунингдек, Манғит чегара қўриқлаш взводи ва Аёқчи чегара қўриқлаш взводи ҳарбийлари ҳам худди шундай хайрли ишга қўл урдилар.
Мазкур взводлар командирлари ва ўринбосарлари чегара олди ҳудудида яшовчи кам таъминланган хонадонлар ҳолидан хабар олиб, моддий кўмак бердилар. Улар 13 турдаги бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, коронавирусдан ҳимояланиш учун антисептик воситаларни тарқатиб, кўпчиликнинг дуоларини олдилар. Юртимизда тарқалган коронавирус пандемияси туфайли ўрнатилган карантин талабларига кўра, уйда ўтирган, моддий ёрдамга муҳтож бўлиб қолган оилаларга хайр-саховатни етказишда уларга Қиличбой овули ҳамда Дурунки маҳалласи раислари Баҳром Қодиров ва Шуҳрат Жуманиёзовлар яқиндан ёрдам бердилар.
Карантин даврида тумандаги эҳтиёжманд оилаларга кўмак бериб келаётган “Amudaryo tex” хорижий корхонаси томонидан навбатдаги хайрия ишлари амалга оширилди. Манғит шаҳридаги Олмазор, Гулзор, Навоий, Беруний ва Ойбек номли маҳаллаларда амалга оширилган хайрия тадбирлари давомида ҳудудда яшовчи 96 та кам таъминланган, муҳтож оилаларнинг ҳар бирига 135 минг сўмлик, жами 12 млн. 960 минг сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, мурувват кўрсатилди. Тадбирда қатнашган корхона директори Бозорбой Сафарбоев, директор ўринбосари Омонбой Юсуповлар ушбу оилаларда яшовчи вақтинча ишсизларга корхонадаги бўш ишчи ўринлар ҳақида ҳам маълумотлар бериб ўтдилар. Туманда “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасидаги тадбирлар янада кенг тус олиб, давом этмоқда.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶