ОРОЛНИНГ ҚУРИШИ – ЭКОЛОГИК МУАММО
Оролнинг қуриши – Оролбўйи табиати ўсимликлар ва ҳайвонот дунёсига катта зиён етказди. Сув заҳираларининг камайиши ва шўрланиши натижасида яйловларда чорва учун озиқ бўладиган ўсимликлар тури ва сифати камайиб, ўтлоқлар майдони деярли уч мартага қисқарди. Экологик вазият туфайли минтақада тупроқ мелиоратив ҳолатининг бузилиши ҳозир ҳам давом этмоқда. Тузли чанг ва тузларнинг кўтарилиши, қумлар кўчиб юришини тўхтатиш, хусусан, қумлар Амударё ва Сирдарё дельталарига бостириб киришининг олдини олиш мақсадида уларни мустаҳкамлаш, туз тўзғиши мумкин бўлган жойларда шамолда учишининг олдини олиш учун маълум тадбирларни қўллаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада фитомелиорация тадбири яхши самара бериши аниқланган.
Ўзбекистонда экологик бўрон оқибатларини енгиллаштириш масаласи давлат даражасида, комплекс равишда ҳал этилмоқда. Шу билан бирга табиий ресурслардан фойдаланишни ва атроф-муҳитни ҳимоя қилиш фаолиятини тартибга солувчи қонунлар қабул қилинган. Шу асосда Оролбўйи ҳудудига кирадиган Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятини умумий ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли дастурлар изчил амалга оширилмоқда. Оролнинг қуриган қисмида, Ўзбекистон ҳудудида ҳар йили камида 25 минг гектар майдонга қора саксовул, қандим, черкиз, юлғун ва бошқа буталар уруғлари, кўчатлари экилмоқда. 1980 йилларда экилган кўчатлар анча йирик бўлиб, қумларни мустаҳкамлашдаги хизматлари катта майдонларда яхши сезилиб турибди. Худди шундай усулни қолдиқ шўрҳокларда ҳам маҳаллий рельеф хусусиятларини эътиборга олиб, экишни ташкил қилиш самара бериши мумкин. Бунда асосан галофитлар, қора саксовул, юлғун, қорабароқ ўстириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, табиатга инсон фаолияти томонидан кўрсатилаётган таъсирнинг ортиб бориши чўлланишга сабаб бўлган. Чўлланишга қарши курашда бир қанча халқаро ташкилотлар томонидан дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Ҳозирги кунда бу экологик муаммони ҳал қилиш учун амалий ишлар бошлаб юборилган.
Нодира ЎРОЗБОЕВА, Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини
механизациялаш муҳандислари институти, 1-босқич магистранти.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶