БИЛИМДОН ВА ЗУККО КИТОБХОН ҚИЗ
Ҳар йили ўтказилиб келинаётган “Ёш китобхон” кўрик-танлови юксак билимли ва салоҳиятли ёшларни кашф этиш имконини бермоқда.
Мазкур танловнинг қуйи босқичларида ғолибликни қўлга киритган туманимиздаги 56-сонли мактаб ўқувчиси Лайло Олимова ўзининг зукколиги, кучли хотирага эгалиги билан қаторасига икки йил – 2018 ва 2019 йилларда “Ёш китобхон” кўрик-танловининг туман босқичида мутлақ ғолибликни қўлга киритди ва танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида 2018 йилда учинчи, 2019 йилда эса фахрли 2-ўринни эгаллади.
– Бунинг учун жуда кўп китоб ўқишга тўғри келди, – дейди Лайлохон ўз таассуротлари ҳақида. – Муҳими, инсоннинг хотираси кучли бўлиши керак.
Лайло Олимованинг эслаб қолиш қобилияти ҳавасга лойиқ. У ҳар бир ўқиган асаридан олган таассуротларини, ҳатто ҳозирги замон ўзбек адабиётининг йирик намоёндаларидан тортиб, ёш қаламкашларнинг асарлари бўйича шахсий фикрларини алоҳида дафтарга қайд этиб боради. Навоий, Бобур, Огаҳий, Фузулий, Эркин Воҳидов ғазалларини жуда тез ёд олиш билан бирга ҳар бир сатрнинг мағзини чақишга ҳаракат қилади.
Лайло нафақат зукко китобхон, балки ўзбек тили ва адабиётининг билимдонларидан. У бир неча марта “Билимлар беллашуви”нинг туман ва Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби бўлган.
Лайлохон билан суҳбатлашсангиз асло зерикмайсиз. Ёш китобсевар қиз умумтаълим мактабини ҳам аъло баҳоларга тугатмоқда. 2019-2020 йилги фанлар олимпиадасининг туман босқичида ўзбек тили ва адабиёти фанидан 2-ўринни эгаллаган Лайлохон айни пайтда етук журналист бўлиш орзусида. Шеърлари, ҳикоялари “Тараққиёт кўзгуси” газетаси саҳифалари орқали ёритилиб, аллақачон ўз мухлисларини топган.
Биз зукко китобхон, фикри теран, билимдон қиз Лайлохон Олимованинг орзулари йўлидаги интилишларида омад ёр бўлишини тилаймиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶