ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ҚОНУН ҲИМОЯСИДА
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонун ҳужжатлари инсон ва жамият фаровонлиги йўлида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, мулкни, давлат ва жамоат тартибини, табиий муҳитни муҳофаза қилишни, ижтимоий адолат ва қонунийликни таъминлашни, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларнинг ўз вақтида ва объектив кўриб чиқилишини, шунингдек, бундай ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишни, фуқароларни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига риоя этиш руҳида тарбиялашни ўз олдига вазифа қилиб қўяди. Бу вазифаларни амалга ошириш учун ушбу Кодекс асосида қандай ҳаракат ёки ҳаракатсизлик маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳисобланишини, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этган шахсга нисбатан қайси орган ёки мансабдор шахс томонидан қай тартибда, қандай маъмурий жазо қўлланилиши ва ижро этилиши белгиланади.
Ҳар қандай маълумот, хабар эгаси, яъни муаллифи тарқатилаётган маълумоти учун жавобгар. Ҳар бир шахс ёзгани ва тарқатгани учун аввало виждони ва қонун олдида жавоб бериши лозим. Бу бўйича жавобгарлик мазкур Кодексда кўрсатиб қўйилган.
Кўпчиликка етказилаётган маълумот ва хабарлар муаллифининг билими, ички дунёси ва маданиятидан дарак беради. Турли хил оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет сайтлари орқали берилаётган кўпчилик масалалар инсонларга намуна, тарбия воситаси бўлиб хизмат қилиши лозим.
Лекин интернет тармоқлари орқали тарқалаётган маълумотларнинг барчаси ҳам инсоният учун айтарли даражада керакли ва жамият учун фойдали эмас.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси МЖтКодексида бировга туҳмат қилганлик учун (МЖтК 40-моддаси), 46-моддасида фуқарога маънавий ёки моддий зарар етказиши мумкин бўлган маълумотларни ошкор этганлиги ва 46(1)-моддада шахсий ҳаёт дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, 40-моддасида туҳмат, яъни била туриб ёлғон, бошқа бир шахсни шарманда қилувчи уйдирмаларни тарқатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан олтмиш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади, деб кўрсатилган.
Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1992 йил 19 июндаги “Суд амалиётида фуқаро ва ташкилотларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунларни қўллаш тўғрисида”ги 5-сонли қарорининг 8-банди талабига кўра, ўзининг шаънига ҳақоратловчи маълумотлар айтилган фуқаро, етарли асослар бўлган тақдирда, ҳақорат ёки туҳмат қилгани учун айбдорни Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 40-, 41-моддаларига кўра маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида иш қўзғатишни сўраб, судга мурожаат қилиши мумкин.
46(1)-моддага кўра шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан қирқ бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 46(2)-моддасида эса шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, шахсга доир маълумотларни қонунга хилоф равишда йиғиш, тизимлаштириш, сақлаш, ўзгартириш, тўлдириш, улардан фойдаланиш, уларни бериш, тарқатиш, узатиш, эгасизлантириш ва йўқ қилиш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, миқдорда жарима солишга сабаб бўлади деб кўрсатилган.
Амударё тумани Маъмурий суди томонидан ўтган йилнинг 6 ойи давомида 9 шахсга нисбатан 7 маъмурий иш, 2020 йил 6 ойи давомида МЖтКнинг 40-моддаси билан 4 шахсга нисбатан 3 иш кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияларида хар бир инсон фикрлаш, сўз ва ишонч эркинлигига эга эканлиги белгилаб берилган. Лекин ҳеч ким бошқа бир инсонни камситмаслиги, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига зарар етказмаслиги керак. Бу меъёр бузилган тақдирда ҳар бир қилмиш учун жавобгарлик бор эканлигини эсдан чиқармаслик лозим.
М.Каримбаева, Амударё тумани Маъмурий суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶