МАҲАЛЛА ТИНЧИНИ БУЗГАН ҲУҚУҚБУЗАР ЖАЗОЛАНДИ
Ароқнинг кўриниши оқ бўлса ҳам, касофати ўзидан юз, минг чандон катта бўлгани учун унга “қора шайтон”, дея таъриф берамиз. Лекин ичувчи одам учун, ким билади, бу касофат қай кўринишда намоён бўлади?
Туманимиз маҳаллаларидан бирида яшовчи Бойбўлсин (исм-шарифи ўзгартирилди) Қулаҳмедов эса ҳар гал тўйиб ичганида “шер” бўлиб кетади. Ростмана “шер!”. Йўл ҳам, дала-дашт ҳам, кўча-кўй ҳам фақат ўзиники! Билганича юради, бақириб-чақиради, олдидан чиққанга ҳақиқий шердай ҳамла қилади.
Ўша куни ҳам мастликдан гоҳ осмонларда учиб, гоҳ шер каби бўкириб уйи томон борарди. Ногаҳон олдидан қўшнилари Азизахон Гулмирзаева билан Кўклан Ботировлар (исм-шарифлари ўзгартирилди) чиқиб қолса бўладими? Ахир у “шер” бўлса, ҳаммадан кучли бўлса-ю, аллақандай қўшнилари унинг юрадиган йўлидан юрса? Йўқ, бунақаси кетмайди, “шер” пайдо бўлган жойдан ҳамма четланиши керак! Лекин қўшнилар четланиш ўрнига “Шер бола”ни тартибга чақиришди. Буни Бойбўлсин қабул қилолмади. Шовқин кўтарди, қўшниларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилди. Шу куни яқин қўшниларининг роса тинчини бузди. Оқибатда эса...
Оқибати ёмон бўлди. Бойбўлсин “шер”нинг кучи қирқилди. Мамлакатимизнинг одил қонунларига кўра у қўшниларини ҳақорат қилгани, тинчлигини бузгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.
Яқинда Маъмурий ишлар бўйича Амударё туман судининг очиқ суд мажлисида ҳуқуқбузар Бойбўлсин Қулаҳмедов қаршисига тўпланган маъмурий иш ҳужжатлари атрофлича муҳокама этилди ва Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг тегишли моддаларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, 10 (ўн) сутка маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди. “Шер бола” қафасга тушди.
Шуни айтадилар-да, ароқ оқ бўлса ҳам касофати ўзидан минг чандон катта, қора шайтон каби, деб.
М.Каримбаева, Маъмурий ишлар бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶