2130 НАФАР БОЛАЛАРГА МОДДИЙ ЁРДАМ КЎРСАТИЛДИ
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ барча ҳудудларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларга кенг кўламли ижтимоий ёрдам кўрсатилди.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини давом эттириш, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларнинг болаларини қишки кийим-бош тўпламлари, мактаб формаси ва ўқув қуроллари билан таъминлаш мақсадидаги Президентимизнинг “Aҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди.
Жорий йилнинг 26 августида имзоланган мазкур Қарорда шу йилнинг сентябрь ойидан аҳолининг моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати, яъни “темир дафтар”га киритилган оилалар, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларнинг ҳар бир 16 ёшга тўлмаган болалари учун 500 минг сўм пул миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди. Ушбу Қарор ижросини таъминлаш борасида туманимизда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Қарорга асосан туманда эҳтиёжманд оилалар рўйхати – “темир дафтар”га киритилган ҳамда боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар болалари ва болаликдан ногиронлиги бўлган 16 ёшга тўлмаган болаларга 500 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пулларини бериш учун рўйхат, тўлов ведомостлари шакллантирилди. Ушбу рўйхат асосида “Халқ банки” туман филиали томонидан туман бўйича жами 2130 нафар 16 ёшга тўлмаган болаларга бир марталик моддий ёрдам пуллари топширилди. Улардан 1491 нафарини боқувчисини йўқотган оилаларнинг фарзандлари, 639 нафарини ногиронлиги бўлган болалар ташкил этди.
Шу ўринда маълумот тариқасида айтиш жоизки, агар ногирон боласи мавжуд бўлган оила ҳар ойда 466,6 минг миқдорида ногиронлик нафақасини олган бўлса, жорий йилнинг сентябрь ойида ушбу оила қўшимча 500 минг сўм пулни олади. Президент Фармони билан 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб, болаликдан ногиронлиги сабабли бериладиган энг кам нафақа 10 фоизга оширилиб, 513 минг сўм миқдорида белгиланганлигини ҳисобга олиб, ушбу оила фақат сентябр ойида 1 млн. 13 минг сўм пул олади.
“Темир дафтар” рўйхатига киритилган оилаларда яшовчи болаларга нисбатан бу рўйхатлар тумандаги сектор раҳбарлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари ходимлари билан биргаликда шакллантирилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан тасдиқланган. Ушбу рўйхат асосида туманимиздаги 1-сектор ҳудудидаги 552 нафар, 2-сектор ҳудудидаги 642 нафар, 3-сектор ҳудудидаги 581 нафар, 4-сектор ҳудудидаги 355 нафар 16 ёшга тўлмаган эҳтиёжманд, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар фарзандлари ҳамда ногиронлиги бўлган жами 2130 нафар болаларга умумий қиймати 1 млрд. 65 млн. сўм миқдоридаги бир марталик моддий ёрдам пуллари топширилди.
Бу каби меҳр-шавқат, саховат ва хайрия ишларидан кўнгиллари тоғдай кўтарилган юртдошларимиз оғир кунларда ўзларига қаратилаётган юксак эътибор ҳамда мурувват учун ҳукуматимизга, барча мутасадди раҳбарларга миннатдорчилик изҳор этдилар.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶