ОЧИҚ СУДДА ЙЎЛ-ТРАНСПОРТ ҲОДИСАСИГА ДОИР ЖИНОЯТ ИШИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Республикамиз ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчилик маданиятини юксалтиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Шунга қарамасдан, йўлларда қоидаларга амал қилмаслик оқибатида турли транспорт ҳодисалари содир бўлиб, инсонларнинг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва қоидабузарликларга нисбатан кўрилаётган чораларнинг самарадорлигини ошириш мақсадида жойларда очиқ ва сайёр суд мажлислари ташкил этилмоқда.
Яқинда Жиноят ишлари бўйича туман суди биносида очиқ суд мажлиси ўтказилди. Судда йўл-транспорт ҳодисасини содир қилганлиги натижасида Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисми билан айбланувчи фуқарога оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Дастлабки тергов органи томонидан ушбу фуқаронинг кечки пайт бошқа бир шахсга тегишли бўлган “Спарк” русумли автотранспорт воситасини ҳеч қандай хужжатларсиз, спиртли ичимлик ичиб, маст ҳолатда бошқарганлиги натижасида йўл-транспорт ҳодисасини содир қилганлиги аниқланган. Натижада у Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрь кунги 370-сонли қарори билан тасдиқланиб, 2016 йил 1 март кунидан амалга киритилган “Йўл ҳаракати қоидалари” талабларини бузиб, ушбу йўлнинг шарқ томонида ўз йўлида давлат рақам белгиси бўлмаган мотоциклни бошқариб кетаётган бошқа бир фуқаронинг тан жароҳати олишига сабабчи бўлган. Жабрланувчига тайинланган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра, мототранспорт ҳайдовчисига “оғир” даражадаги тан жароҳати етказилган. Йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган ҳуқуқбузар ўз йўлида ҳаракатланаётган фуқарога тан жароҳати етказганлиги учун Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, ишга жалб қилинган.
Очиқ суд мажлиси давомида айбланувчи, жабрланувчи ва фуқаровий даъвогарнинг сўзлари тингланди. Давлат айбловчисининг фикри иш материаллари билан таққосланиб, текшириб чиқилди.
Суд якунида айбланувчига оид жиноят иши тегишли қонунларга кўра, айблилик ҳақидаги масаласи ҳал қилинмасдан ҳаракатдан тугатилди.
С.Давлетмуродов, Амударё тумани Жиноий ишлар бўйича суд раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶