ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР ТОМОНИДАН СОДИР ҚИЛИНГАН ҲУҚУҚБУЗАРЛИК КОМИССИЯ ЙИҒИЛИШИДА МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ
Ота-она ёки ота-она ўрнини босувчи шахслар болаларини таъминлаш, тарбиялаш ва уларга таълим бериш бўйича мажбуриятларини бажариши, уларнинг ҳуқуқбузарликлар ёки бошқа ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этишига йўл қўймаслик чора-тадбирларини кўриши лозим. Бу борада нафақат ота-она, балки таълим муассасаси, маҳалла, ёшлар ва жамоат ташкилотлари масъуллигини янада кучайтириш, келажак авлодни одобли, билимдон, оқил, маънавиятли, етук ва баркамол инсон қилиб тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади.
Туман ҳокимлигида Вояга етмаганлар ишлари бўйича Амударё тумани идоралараро Комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Вояга етмаганлар ишлари бўйича туман идоралараро комиссия раисининг ўринбосари М.Шерметов, комиссия аъзолари, ИИБ профилактика инспектори ва бошқа масъуллар иштирок этдилар.
Йиғилишда туман ИИБ томонидан юборилган, тумандаги овуллардан бирида яшовчи вояга етмаган 2 нафар фуқаро томонидан содир қилинган ҳуқуқбузарлик ҳолатига доир иш муҳокама қилинди.
Комиссия раисининг ўринбосари М.Шерметов йиғилиш иштирокчиларини кун тартибидаги масала билан таништирди. Шундан сўнг, масъуллар томонидан вояга етмаган ушбу фуқаролар яшаш жойларига яқин жойда, кўча тарафда ўзаро жанжаллашгани, ҳодисада ота-оналар ҳам иштирок этгани, содир бўлган ҳуқуқбузарлик оқибатида томонларга енгил тан жароҳати етказилгани баён қилинди. ИИБ томонидан тақдим этилган ҳужжатларга кўра ҳуқуқбузарликни содир қилган вояга етмаганлар ҳаракатида ЎзР МЖтКнинг тегишли моддаларида кўрсатилган аломатлар мавжудлиги, лекин маъмурий ҳуқуқбузарликка тортиш ёшига етмаганлиги сабабли, уларнинг ота-оналарининг хатти-ҳаракатларида ЎзР МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд деб топилганлиги тўғрисида маълумот бериб ўтди.
Йиғилишда иштирок этаётган вояга етмаганларнинг ота-оналари сўзга чиқиб, бундан кейин ўғилларининг назорати билан қаттиқ шуғулланиши ва мактабдаги дарсларга мунтазам равишда юбориши, бемаҳал, берухсат ҳеч қаерга юбормаслигини айтишди.
Йиғилиш якунида масъуллар ёшларга таълим-тарбия беришда, тартиб-интизомини назорат қилишда, бепарволикка йўл қўйилаётганлигига тўхталиб, ушбу ота-оналар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир қилганлигини маълум қилишди. Вояга етмаган фарзандларига таълим бериш борасидаги мажбуриятларини лозим даражада бажармаган, уларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига йўл қўйган ота-оналар тегишли тартибда жазога тортилиши лозим деб топилди. Шунингдек, ота-оналар ва уларнинг фарзандлари таълим олаётган мактаб, ҳудуд фуқаролар йиғини масъулларига эндиликда вояга етмаганлар тарбияга эътиборсиз бўлмасликлари, ўқиши, хулқи ва тартиб-интизомини мунтазам назорат қилиб боришлари кераклиги тушунтирилди.
Ж.Холмуродов, туман ҳокимлиги Вояга етмаганлар ишлари бўйича
идоралараро Комиссияси масъул котиби.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶