ДЕПУТАТ САЙЛОВЧИЛАРИ БИЛАН УЙМА УЙ ЮРИБ СУҲБАТЛАШДИ
“Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ маҳаллий Кенгаш депутатлари сайловчилар билан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, сиёсий партия ташкилоти билан учрашувлар ўтказишга, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатлари таъминланишини назорат қилиш ҳуқуқига эга.
Ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларидан келиб чиқиб фаолият юритаётган халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ҳам ўзларининг сайловчилари билан белгиланган муддатларда учрашувлар ўтказиб, уларнинг ҳаётини чуқур ўрганиб, турмушидаги муаммо ва камчиликларнинг бартараф этилишига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Депутатлар фаолиятида 2020 йил аҳоли муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш учун курашда ўзига хос йил бўлди. Коронавирус пандемияси тарқалиши муносабати билан ўрнатилган карантин чекловлари туфайли кўпгина меҳнат муҳожирлари ўз уйларида қолишга мажбур бўлди, айрим тадбиркорлик субъектлари фаолияти вақтинча тўхтатиб қўйилгани учун даромадидан айрилди.
Ана шундай вазиятда аҳолининг ночор қатламлари ижтимоий ҳимояга олиниб, зарур озиқ-овқат маҳсулотлари, пул маблағлари билан таъминлаб турилди, ишга яроқли ишсиз аҳолининг ўз уйларида қолиб даромад топишига кўмаклашилди.
Шубҳасиз, бунингдек халқимизга хос бир-бировга меҳр-мурувват кўрсатиш, оғир кунида елкадош бўлишдек ҳаётбахш урф-одат, анъаналаримизнинг кенг ёйилишида маҳаллий депутатларнинг ҳам ўрни алоҳида эканлиги барчага аён.
8 январь куни туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Баҳодир Болтабоев ҳам ўзи депутат бўлиб сайланган ҳудуд - Қипчоқ овул фуқаролар йиғини ва Уйшин маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, йиғинлар иш фаолияти, аҳоли билан ишлашиш ҳолатини ўрганди, фаолияти янада самарадор бўлиши учун зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – аҳолига энг яқин ва уларнинг суянчиғи, маслаҳатгўйи бўлган ташкилот. Шу боисдан ҳам ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ўз ҳудудининг катта-ю кичигини таниши, ҳаётидан хабардор бўлиши, лозим бўлса, қўллаб-қувватлаши керак. Депутат бу борада Қипчоқ овулида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар билан яқиндан танишди, орган ходимларининг иши самарадорлигини ошириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашишни яна ҳам жонлантириш юзасидан йўл-йўриқлар берди.
Мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2020 йил 29 декабрь кунги Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш борасидаги белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини масъуллари билан уйма-уй юриб, аҳоли турмуш тарзи билан танишди, ҳаётидаги муаммоларни ўрганди. Ўрганиш жараёнида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган, имконияти чекланган фуқаролари бор оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
Депутат ташрифидан ва йиғин ходимларининг йўқлаб келганидан сайловчилар хурсанд бўлишди ва дилдан суҳбатлашдилар.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶