ХИТОЙ ОВУЛИ КЎРКАМ ҚИЁФА КАСБ ЭТИБ, ОБОД МАСКАНГА АЙЛАНМОҚДА
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “Обод қишлоқ” дастури бугун чекка-чекка ҳудудлардаги аҳоли пунктларида барпо этилаётган замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, дам олиш масканлари-ю қатор хизмат кўрсатиш шохобчаларининг янгича қиёфасида ўзининг ёрқин ифодасини топмоқда. Кўркам қиёфа касб этиб, обод масканларга айланаётган қишлоқ ва маҳаллалар аҳолиси мамнун ҳаёт кечирмоқда.
Амударё туманида ҳам “Обод қишлоқ” давлат дастури доирасида Жумуртов шаҳарчаси ва Хитой овуллари ҳудудларида аҳоли пунктларининг меъморий қиёфасини тубдан янгилаш, шу асосда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтиришга қаратилган бунёдкорлик ишларини амалга ошириш чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган эди.
Айни кунларда мазкур ҳудудни комплекс ривожлантириш мақсадида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини замонавий қиёфага келтириш мақсадида қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Масъул мутасаддилар ҳудудларга ташриф буюриб, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга оширишда дуч келинаётган камчиликларни, муаммоларни ўрганишмоқда ва уларнинг бартараф этилишига кўмаклашишмоқда.

22 февраль куни туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, ҳоким ўринбосарлари, Президентнинг тумандаги Халқ қабулхонаси мудири Эркин Ражабов, ҳудуд бўйича сектор раҳбари, туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Улуғбек Худойберганов ҳамда бошқа масъуллар Обод қишлоқ дастури доирасида обод масканга айланаётган Хитой қишлоғига ташриф буюрдилар.
Юртнинг келажаги бўлган ёшларни тарбиялаш, аввало, боғча ва мактаблардан бошланади. Шу боис Хитой овул фуқаролар йиғинидаги ижтимоий соҳа объектларидан 2-сонли умумтаълим мактаби, 45-сонли мактабгача таълим ташкилоти биносининг тўлиқ таъмирдан чиқарилиши аҳолининг айни кўнглидаги иш бўлмоқда. Шунингдек, фуқаролар йиғини маъмурий биносида ҳам таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ундан ташқари, овул ҳудудидаги 5,95 км. узунликдаги ички кўча йўллари ҳамда овулни бошқа ҳудудлар билан туташтирувчи Куюк кўпир – Хитой автомобиль йўлларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳудуддаги автомобиль йўллари бўйига 1,1 км. узунликдаги пиёдалар йўлакчаси ҳам янгидан қурилмоқда.

Режага кўра, “Обод қишлоқ” дастури доирасида ҳудуддаги автомобиль йўллари бўйига 35 та тунги кўча ёритиш чироқлари ўрнатилади. Овул ҳудудидаги 35 та таянч устунларни реконструкция қилиш ва 19,5 км. узунликдаги электр тармоқлари ва 6 та трансформатор пунктларида мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ичимлик сув таъминотини яъшилашга қаратилган чора-тадбирларга кўра, ҳудуд аҳолисига тоза ичимлик сувини етказиб бериш мақсадида Хитой қишлоғи ҳудудига 2 та тозаланган сув тарқатиш шохобчаси янгидан ташкил этилмоқда. Ушбу шохобчалар ишга туширилгач, овул аҳолисини тоза ичимлик суви билан мунтазам таъминлаш имконияти яратилади.

Бундан ташқари, инфратузилма объектларида ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Овул ҳудудидаги якка тартибдаги турар жойлар ҳолатини яхшилаш мақсадида уйларнинг том қисми, фасад қисми таъмирланмоқда. Дарвозахоналар ҳолати яхшиланиб, иҳота деворлари таъмирланмоқда, айримлари эса янгидан қурилмоқда. Ҳудудда кўкаламзор майдонларни кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда ва янгидан дарахтзорлар, гулзорлар ташкил этилмоқда. Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш мақсадида 8 та савдо мажмуаларини бунёд этилмоқда.
Хитой овулининг обод гўшага айланиб бораётгани, ҳудуддаги бунёдкорлик ишлари аҳолининг кайфиятини кўтариб, янада янги марралар сари интилишларига замин яратмоқда. Хитойликларнинг барчасида олиб борилаётган ишларга дахлдорлик ҳисси ортиб, эртанги кунга ишончи мустаҳкамланмоқда.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶