АТБ Микрокредитбанкнинг туман филиали янги биноси қурилишига старт берилди
Туманимиз халқига банк-молия хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш, мижозлар ва банк ходимлари учун намунали шарт-шароитлар яратиш мақсадида ўтган 2020 йил давомида АТ “Халқ банк”нинг туман филиали ҳамда АТ “Агробанк” туман бўлимларининг бинолари сифатли таъмирланиб, замонавий қиёфага келтирилди. Бугунги кунда мазкур муассасаларда мижозлар учун ҳам, ходимлар учун ҳам зарур шароит ва имкониятлар яратилганидан халқимиз мамнун.
Жорий йилнинг 25 февраль санасида эса туманимиздаги яна бир молия муассасаси – АТБ Микрокредитбанк туман филиалининг янги биноси қурилиши бошланиши муносабати билан АТБ Микрокредитбанк Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошлиғи Раваж Ўтамбетов, туман ҳокими ўринбосари Жасур Наримов ҳамда соҳа масъуллари, қурувчи-муҳандислар, туман архитектура ва қурилиш бўйича масъуллар иштирокида бино қурилишининг пойдевори учун қозиқ қоқиш маросими бўлиб ўтди.
Манғит шаҳрининг Гулзор маҳалласи ҳудудида қурилиши мўлжалланган АТБ Микрокредит банкнинг янги биносини қуриш бўйича ўтказилган тендер савдосида ғолиб бўлган пудратчи ташкилот - “Чимбой иншоот” МЧЖ томонидан бино қурилиши учун мўлжалланган ҳудудга қурилиш техникалари, зарур ашёлар тахт ҳолда келтириб қўйилди.

Бино қурилиши муносабати билан ўтказилган маросимда туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, АТБ Микрокредитбанкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича бошлиғи Раваж Ўтамбетов, туман ҳокими ўринбосари Жасур Наримовлар сўзга чиқишиб, туманимиз халқига банк ва молия хизмати кўрсатиш юзасидан амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар, шу баробарида тадбиркорлик субъектлари сафининг тобора ошиб бораётгани, бу эса соҳа ходимлари учун етарли замонавий иш шароитлари яратишни тақозо этаётганини таъкидлашди. Хусусан, туманимиздаги АТБ Микрокредитбанк филиали узоқ йиллардан бери эски, мослаштирилган бинода фаолият олиб бораётгани, бу эса банк ходимларининг ўз вазифаларини эмин-эркин бажаришларида муаммолар туғдираётгани, мижозлар билан ишлашишда замонавий ахборот технологиялари хизматидан тўлақонли фойдаланишларида тезкорлик ва сифатга эришиш имконини бермаётгани ҳақида тўхталдилар.
Шундан сўнг, тендер савдосида ғолиб бўлган пудратчи ташкилот – Маҳмуджон Жабборов раҳбарлигидаги “Чимбой иншоот” МЧЖ қурувчилари учун қурилиш ишларини бошлашга старт берувчи қозиқ қоқилди. Янги банк биноси пойдевори учун туман ҳокими Султонбой Йўлдашев, АТБ Микрокредитбанк Қорақалпоғистон Республикаси бошлиғи Раваж Ўтамбетов, туман ҳокими ўринбосари Жасур Наримов ва соҳа маъсуллари навбатма-навбат бино пойдевори учун қозиқ қоқдилар.
Шу куннинг ўзида тендер савдоси ғолиби, пудратчи ташкилот - “Чимбой иншоот” МЧЖ қурувчилари қурилиш ишларини бошлаб юбордилар.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶