ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУДЛАР ТОМОНИДАН БЕЛГИЛАНГАН ТАРТИБ ВА МИҚДОРДА ДАВЛАТ БОЖИ УНДИРИЛАДИ
Судларга даъво аризалари, органлар ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари, қарорлари устидан шикоятлар, алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича аризалар, судларнинг ҳал қилув қарорлари устидан апелляция, кассация тартибида шикоятлар ва назорат тартибида протест келтириш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисида аризалар, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида аризалар берганлик учун, шунингдек, судлар томонидан ҳужжатларнинг нусхалари берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ундирилади.
Даъвогар ўзининг талабларини камайтирган, арз қилган талабларидан воз кечган, тарафлар ишни келишув битими билан тамомлаган ҳолларда тўланган бож қайтарилмайди.
Арз қилинган талаблар кўпайтирилганда етишмаган сумма даъвонинг кўпайтирилган баҳосига мувофиқ равишда қўшимча тарзда тўланади.
Пул ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича – ундириладиган суммага, мулк талаб қилиш тўғрисидаги даъволар бўйича – даъво қилинаётган мулкнинг қийматига қараб даъвонинг баҳоси белгиланади. Бир қанча мустақил талаблардан иборат даъволар бўйича – ҳамма талабларнинг умумий суммасига, алимент ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича – бир йиллик тўловларнинг йиғиндисига қараб баҳо кўрсатилади. Муддатли тўловлар ва пул бериш тўғрисидаги даъволар бўйича – тўловларнинг ёки бериладиган пулларнинг йиғиндисига қараб, лекин кўпи билан уч йиллик йиғиндисига кўра белгиланади.
Хусусий мулк ҳуқуқи асосида фуқароларга тегишли иморатларга эгалик ҳуқуқи тўғрисидаги даъволар бўйича – иморатнинг ҳақиқий қийматига қаралади. Лекин бу миқдор инвентаризация баҳосидан, инвентаризация баҳоси бўлмаганида эса, мажбурий суғурта баҳосидан кам бўлмаслиги лозим. Ташкилотларга қарашли иморатларга доир даъволар бўйича эса, иморатларнинг ҳақиқий баҳосидан кам бўлмаслиги керак.
Даъвонинг баҳоси даъвогар томонидан кўрсатилади. Даъвогар кўрсатган баҳо даъво қилинаётган мулкнинг ҳақиқий қийматига мувофиқ эмаслиги яққол бўлса, даъвонинг баҳосини судья белгилайди. Даъво қўзғатилган вақтда унинг баҳосини белгилаш қийин бўлса, давлат божининг миқдорини судья дастлабки тарзда белгилайди ва кейинчалик ишни ҳал қилиш вақтида суд белгилаган даъво баҳосига мувофиқ, божнинг кам қисми ундирилади ёки ортиқча олинган қисми қайтарилади.
Тўланган давлат божи қонун ҳужжатлари бўйича талаб қилинганидан ортиқ бож тўланганида, ариза ёки шикоятни қабул қилиш рад этилганда, иш судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли юритиш тугатилган бўлса қисман ёки тўла қайтарилиши керак. Ариза муомалага лаёқатсиз шахс томонидан берилганлиги сабабли кўрмасдан қолдирилса ҳам давлат божи қайтариб берилади.
Давлат божини қайтариш суднинг ажрими асосида молия органлари томонидан амалга оширилади.
Қ.Атамурадов, Фуқаролик ишлари бўйича Амударё тумани суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶