Ифтихор туйғуси
Ҳар куни эрталаб мактабга кирар эканман, ёқимли бир ҳид туяман. Бу ҳидни хушбўй, муаттар сўзлари билан сифатлаб кўрдим, ўхшамади. Китоб-дафтарлар, ўқув жиҳозларининг ҳидидир балки бу. Лекин ҳар қандай атторнинг қимматбаҳо атридан афзал ва ҳеч қачон ҳеч кимнинг меъдасига тегмайдиган бу ҳидга ўзимча ном бердим: "Зиёнинг ҳиди!”
Талабалик йилларимизда амалиётда эканмиз, бизга мураббийлик қилган устоз тез-тез таъкидлаб турарди: "Мактаб – муқаддас даргоҳ. Унга покланмасдан киришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ”. Авваллари мен бу таъкидни ўқитувчини шахсий гигиенага қатъий амал қилишга ундаши деб тушунардим.
Йиллар ўтиб, озми-кўпми тажриба орттириб англадим-ки, ҳар куни эрталаб ишга сидқидилдан тайёрланиб бориш ҳар бир муаллимга оддий эмас, муқаддас даргоҳга йўл олаётганлигини, ёдига солиб тураркан.
Мана шундай зиё масканларидан бири – Амир Темур номли овулдаги 62-сонли мактаб ўқитувчилари 2013-2014 ўқув йилида ишни хуш-хабар билан бошлашди: собиқ ўқувчимиз – Ботир Олломбоев тиббиёт институтининг талабаси бўлди. Ботир мактабда ўз билими ва намунали хулқи билан ўқитувчилар меҳрини қозонган эди. Тиббиёт соҳасига бўлган қизиқиши сабабли у Нукус тиббиёт коллежида ўқишни давом эттирди, ўрта махсус маълумот билан кифояланиб қолишни хоҳламади. Чуқур тайёргарлик кўриб, Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали, даволаш иши факультетига ҳужжат топширди ва талабалик бахтига муяссар бўлди.
2014 йилнинг 8 январь куни кечқурун телефоним жиринглади ва бироз ҳаяжонли, лекин шиддатли овоз эшитилди:
"Устоз, мен бугун Нукус шаҳар касб-ҳунар коллежлари, 2-босқич ўқувчилари орасида она тили ва адабиёти фанидан ўтказилган фанлар олимпиадасида иштирок этиб, 1-ўринни олдим. Энди Республика босқичида иштирок этаман. Биласизми, суҳбат жараёнида Муҳаммад Юсуфнинг шеърини ифодали ёд айтиб бергандим, ҳакам: "Муҳаммад Юсуф тирилиб келгандек бўлди”, - деди”.
Муҳаммад Юсуфни "тирилтирган” ёш адабиётчи – бизнинг собиқ ўқувчимиз – Нукус педагогика коллежи 2-босқич ўқувчиси Муҳаббат Давлатова эди. У 2014 йил 26-27 март кунлари Қорақалпоғистон Республикаси академик лицей, касб-ҳунар коллежлари 2-босқич ўқувчилари орасида она тили ва адабиёти фанидан бўлиб ўтган фанлар олимпиадасининг Республика босқичида 78 балл билан 3-ўринни эгаллади.
Мактабимизнинг биология фани ўқитувчиси Атаев Зокиржон иш фаолиятини бошлаганига ҳали кўп муддат бўлмасдан, ўзининг педагогик маҳоратини намоён қила олди. 9-синф ўқувчиси Соҳиба Давлатова унинг ёрдамида биология фанини алоҳида иштиёқ билан ўргана бошлади. Натижада, жорий ўқув йилида биология фанидан фанлар олимпиадасининг мактаб босқичида 1-ўринни, ҳудуд ва туман босқичларида 1-ўринни, Республика босқичида эса 82,6 балл билан 3-ўринни эгаллади.
Шунингдек, Зокиржон Атаев тайёрлаган 7-синф ўқувчиси Элдор Раҳимов "Билимлар беллашуви” мактаб босқичида биология фанидан 1-ўринни, ҳудуд босқичида иккинчи, туман босқичида 78 балл билан 3-ўринни эгаллади.
Фахрли устозлардан бири – Гулбаҳор Эримбетова француз тили – дунёдаги энг гўзал тиллардан бири эканлигига мактабимиз ўқувчиларини ишонтириб улгурган. Унинг сабоқларида бу тилнинг майин талаффузига маҳлиё бўлган ўқувчилардан бири Санжар Давлатов уни мукаммал ўрганишга бел боғлади. Ҳар йили "Билимлар беллашуви”да француз тили фанидан 1- ва 2-ўринларни бой бермай келмоқда ва жорий йилда фанлар олимпиадаси туман босқичида 78 балл билан 2-ўринни эгаллади. Санжар француз тили билан бир қаторда, инглиз тилини ҳам ўрганмоқда. У келажакда таржимон бўлмоқчи.
Шунингдек, Гулбаҳор опа тайёрлаган мактабимизнинг 7-синф ўқувчиси Саломатхон Йўлдошева француз тили фанидан "Билимлар беллашуви” туман босқичида 3-ўринни эгаллади. Саломатхон барча фанларни мукаммал ўзлаштирмоқда. У келажакда замон талабига жавоб бера оладиган, бир-неча тил биладиган иқтисодчи бўлишни орзу қилади.
Мактаб ҳовлисида салом берган ўқувчи қиз - Шаҳло билан суҳбатлашиш истаги пайдо бўлди:
- Шаҳло, улғайгач, ким бўлмоқчисан? – деб сўрайман.
- Рус тили муаллимаси бўлмоқчиман, устоз!
Қизалоқнинг жавобларидан мўъжазгина мактабимизда улкан орзулар йўлида интилаётган яна бир навқирон ёшни кашф қилгандек бўлдим. Унинг орзуларига эришишида мактабимиз педагогика жамоасининг масъулияти яна бир карра ошганлигини ҳис қилдим.
Моҳира РАҲИМОВА,
62-сонли мактабнинг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶