“УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ” ТАДБИРИ ЁШЛАР ҚАЛБИДА КЕКСА АВЛОД ВАКИЛЛАРИ ҲАЁТИГА ҲУРМАТ ТУЙҒУСИНИ УЙҒОТДИ
Асрлар давомида шаклланиб, ўзининг гўзал такомилига етган, халқимизга хос ибратли фазилатлар талайгина: ўзаро меҳр-у оқибат, миллатлараро тотувлик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат каби хислатлар ўсиб келаётган ёш авлод вакиллари учун ҳамиша юксак маънавий тарбия мактаби вазифасини ўтаб келган.
Айниқса, “Ҳамма нарса инсон қадри учун” деган эзгу ғоя билан суғорилган самимий муносабатлар замирида ёш авлодни миллий ўзлик асосида тарбиялаш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибаларига таянган ҳолда миллат ва халқ фаровонлиги, она Ватан ободлиги ҳамда тинчлиги йўлида фидойи хизмат қилишга даъват этишдек эзгу ниятлар мужассам.
Чунки бугунги замонавий дунёда турли мафкуравий хуружлар тобора авж олиб бораётган даврда ана шундай эзгу ниятларни ўзида мужассам этган даъваткор руҳдаги маърифий суҳбатлар, катта ҳаёт тажрибасига эга нуронийлар билан учрашувлардан ёшлар маънавий куч, озиқ оладилар. Ота-боболари, аждодларининг матонат ва жасоратга тўла ҳаёт йўлларидан фахрланиб яшашга одатланадилар.
Амударё туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 82-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган “Уч авлод учрашуви” мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам мазкур мактаб педагогика жамоаси ва ўқувчи-ёшлар қалбида нуроний отахон ва онахонларнинг она Ватан ободлиги ва фаровонлиги йўлида қилган узоқ йиллик ҳалол ва фидойи меҳнатларини қадрлаш, мислсиз матонат ва жасоратга тўла сермазмун умр йўлларига нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотиб, тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.
Тадбирда “Нуроний” жамғармаси Амударё туман бўлими раиси Бекман Аллаберганов, Жумуртов шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 95 ёшли Биби момо Ембергенова, 1925 йилда таваллуд топган, 100 ёшли Турсуной момо Болтабоева, Халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши депутати, туман “Баркамол авлод” болалар мактаби директори Хонимжон Ражабова, 82-сонли умумтаълим мактаби педагогика жамоаси ва ўқувчи-ёшлар иштирок этдилар.
Ўтган асрнинг энг оғир ва таҳликали йиллари – қатағон сиёсати қурбонлари бўлган жабрдийдалар ҳаётига, шунингдек, иккинчи жаҳон уруши азоб-уқубатларига, урушдан кейинги тикланиш йилларидаги халқимизнинг машаққатли меҳнатларига нафақат жонли гувоҳ, балки ана шу машаққатли меҳнат онларининг иштирокчилари бўлган нуроний момолар ёшларга бугунгидай фаровон ва тўкин-сочин замон ўз-ўзидан бўлмагани, бу фаровон ҳаёт замирида ота-боболаримизнинг мислсиз жасорати ва матонати борлигини, уларнинг фидойиликлари эвазига бунёд бўлган бахтли, тинч, осойишта даврнинг, мустақилликнинг қадрига етиш зарурлигини таъкидладилар. Шу билан бирга улар ўзларининг узоқ ва сермазмун ҳаёт йўллари ҳақида ёшларга ибратли ҳикоялар сўзлаб бердилар.
“Уч авлод учрашуви” тадбири давомида Турсуной момо Болтабоева ҳамда Биби момо Ембергеновалар билан ўқувчи-ёшлар дилдан, самимий суҳбат қуришиб, онахонларга ташрифи учун миннатдорчилик билдиришди.
Учрашув якунида нуроний момоларга тадбир ташкилотчилари томонидан совғалар ва Амударё туман ҳокимининг Ташаккурномаси топширилди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶