Аҳоли онгида коррупцияга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш йўлида
Жамиятда коррупцияга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш, ёш авлод онгига ҳалоллик қадриятларини сингдириш ва бу иллатга қарши курашиш нафақат давлат органларининг, балки жамоат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчиликнинг ҳам вазифасидир. Шу йўналишдаги ишларга ҳисса қўшиш ва бу борада амалга оширилаётган ишларни кенг тарғиб қилиш мақсадида “Тараққиёт кўзгуси” газетаси таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг грант танловига ўз лойиҳасини тақдим қилган эди. Парламент комиссиясининг қарорига кўра “Биз коррупцияга қаршимиз!” мавзусидаги мазкур лойиҳа фонд томонидан молиялаштирилди ва айни кунларда грант лойиҳаси муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Лойиҳа иш режасига асосан жамиятда коррупцияга нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантиришга қаратилган қатор амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, аҳоли онгида коррупцияга нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш мақсадида газета саҳифаларида ва унинг веб-сайтида, ижтимоий тармоқлардаги каналларида мунтазам равишда мақолалар ва суҳбатлар эълон қилинмоқда. Қолаверса, маҳаллаларда ҳуқуқшунослар ва жамоатчилик фаоллари билан очиқ учрашувлар ўтказилиб, аҳоли ўртасида тушунтириш-тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Бу каби учрашувлар фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Яқинда лойиҳа координаторлари туманнинг Янгиобод маҳалласи ҳудудидаги давлат ташкилотлари ва муассасаларида бўлиб, аҳоли билан бевосита мулоқот қилдилар. Тадбир давомида аҳоли онгида коррупция нисбатан муросасизлик туйғусини шакллантириш мақсадида давлат хизматларидан фойдаланувчиларга буклетлар ва бошқа тарқатма материаллар тарқатилди.
Лойиҳа координаторлари аҳолига коррупциянинг салбий оқибатлари хусусида атрофлича маълумот бериб, пора олиш-бериш ва унга воситачилик қилишда иштирок этган шахсларга қонунчиликда кўзда тутилган қатъий жазо чоралари ҳақида тушунчалар бердилар. Агар фуқаролар тамагирлик ва коррупция ҳолатларига дуч келса, дарҳол ваколатли давлат органларига мурожаат қилиши лозимлиги таъкидланди. Давлат хизматларидан фойдаланувчиларга мазкур ваколатли органларнинг "Ишонч телефон"лари ҳамда "Call-марказлари" ёзилган махсус буклетлар тарқатилди.
Лойиҳа координаторлари фақат аҳоли билан чекланиб қолмай, давлат муассасаларида фаолият юритаётган давлат хизматчилари билан ҳам учрашувлар ўтказдилар. Уларга коррупцияга қарши қонунчиликда кўзда тутилган жазо чоралари ва бу иллатнинг салбий ижтимоий оқибатлари ҳақида маълумотлар берилди. Шунингдек, уларга коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий қонунчиликдан кўчирмалар тарқатилиб, ҳар бир давлат хизматчиси ўз фаолиятида ҳалоллик ва шаффофлик тамойилларига қатъий амал қилиши лозимлиги таъкидланди.
Таҳририят ходимлари “Биз коррупцияга қаршимиз!” номли грант лойиҳаси доирасида жойларда ўтказаётган бу каби тадбирлар орқали жамиятда нафақат ҳуқуқий онгни юксалтириш, балки шахсий масъулият туйғусини ҳам шакллантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилганлар. Зеро, коррупцияга қарши курашиш фақат давлат органларининг вазифаси бўлибгина қолмай, ҳар бир шахснинг фуқаролик бурчидир. Ана шу бурч ва масъулиятни юртдошларимизга англатиш эса лойиҳанинг бош мақсади саналади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶