ЖАМОАТ ХАВФСИЗЛИГИГА ТАҲДИД СОЛИШ ЖАВОБГАРЛИККА САБАБ БЎЛАДИ
Сир эмаски,охирги йилларда телекоммуникациялар тармоқлари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб қолди. Ушбу тармоқлардан фойдаланишнинг ўзига хос маданияти ва талаби бўлса-да, охирги пайтларда бу қоида ва талабларни эсдан чиқариб қўяётган фойдаланувчилар, айниқса, ёшлар кўпайиб бормоқда. Афсуски, бундай фойдаланувчилар ўзлари қолдирган постлар ва бошқа маълумотлари билан жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солаётганини ҳамма вақт ҳам тушунавермайди.
Эндиликда фуқароларнинг бундай қилмиши билан қонун талабларини бузиши, уларни жавобгарликдан озод қилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2021 йил 30 мартда имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга биноан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тегишли қўшимчалар киритилди. Жумладан, Кодекс қуйидаги мазмундаги 2011-модда билан тўлдирилди:
«201-1-модда. Қонунчилик ҳужжатларини бажармасликка ёки бузишга омма олдида даъват қилиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларини жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид соладиган тарзда бажармасликка ёки бузишга, шу жумладан оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникация тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда омма олдида даъват қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг олтмиш бараваридан саксон бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».
Шунингдек, мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритилиб, Кодекснинг 244-моддаси (Оммавий тартибсизликлар) қуйидаги мазмундаги биринчи ва иккинчи қисмлар билан тўлдирилди:
«Оммавий тартибсизликларга ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилишга омма олдида даъват қилиш, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракатлар:
а) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
б) оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланган ҳолда содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланадиган бўлди.
Қонунчиликдаги ушбу янги талаблар фуқароларни оммавий ахборот воситаларидан, телекоммуникациялар тармоқларидан, Интернет жаҳон ахборот тармоғидан, шунингдек, матнни кўпайтиришнинг босма ёки бошқа усулларидан фойдаланишда масъулиятли бўлишига, қонунни ҳурмат қилишга мазкур қонун талабларини эсдан чиқармасликка даъват қилади.
М.Матюсупов, туман Адлия бўлими бошлиғи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶