ЯНГИ БАРПО ЭТИЛГАН ХОТИРА ХИЁБОНИДА БАЙРАМ ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Уруш фахрийлари хотирасини эъзозлаш мақсадида ҳамда юрт тинчлиги учун жонини фидо қилган инсонларга нисбатан халқимизнинг ҳурмат-эҳтироми ифодаси сифатида туман марказида Хотира хиёбони барпо этилди.
Майдонда Мотамсаро она ҳайкали қад ростлаган, замонавий меъморлик анъаналарини ўзида мужассамлаштирган кенг айвон барпо этилган ва ички деворига Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган амударёлик жангчиларнинг исм-шарифлари зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйилган. Кенг майдонга ўтиш йўлаги бўйида қурилган фавворалардан отилиб чиқаётган зилол сув атрофга мусаффолик бағишлаб турганлиги киши руҳини кўтаради.
Шунингдек, йўлаклар бўйлари турли манзарали гуллар билан безатилган.
Шу йилнинг 8 май куни Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган аждодларимиз хотирасига атаб бунёд этилган ушбу Хотира хиёбонининг очилиш маросими ва 9 май санасига бағишланган “Хотира – азиз, қадр – муқаддас” деб номланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Маросимда туман ҳокими С.Йўлдашев, туман ҳокими ўринбосарлари, Мудофаа бўлими, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, корхона, ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари, фронт орти меҳнат фахрийлари, афғон уруши фахрийлари ва ёшлар иштирок этдилар.
Байрамона безатилган майдон олдида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан югуриш бўйича ўтказилган марафон ғолиблари саф тортди. Тинчликни тараннум этувчи жанговар мусиқа садолари остида туман ҳокими марафон ғолибларини қутлаб, қимматбаҳо совғалар топширди.
Шу куни ушбу хиёбон бағрида бўй тиклаган яна бир муҳташам бино – икки қаватли, замонавийлик ва миллийликни ўзида акс эттирган тарихий-ўлкашунослик музейи ҳам тантанали равишда очилди. Туман маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан қурилган, 300 дан ортиқ экспонатларни ўзида жамлаган музей туманимиз маънавий ҳаётида улкан аҳамият касб этди.
Тадбир давомида туман Маданият бўлими томонидан тайёрланган махсус байрам концерти намойиш этилди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶