НОГИРОНЛАР ЖАМИЯТИ ТУМАН БЎЛИМИНИНГ КОНФЕРЕНЦИЯСИ ЎТКАЗИЛДИ
Ўзбекистон Ногиронлар жамияти туман бўлинмасининг ўтган даврдаги умумий фаолияти юзасидан навбатдаги конференция йиғилиши ўтказилди.
12 июль куни Амударё муҳандислик техникумида ўтказилган ушбу конференция ишида Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти раиси Пардагул Давлатярова, туман ҳокими ўринбосари Маҳмуд Шерметов ҳамда тегишли корхона-ташкилотлар масъуллари иштирок этдилар. Шунингдек, туман Ногиронлар жамиятининг жойлардаги бўлимларидан сайланган делегатлар қатнашдилар. Конференция ишини ўтказиш тартиби белгилаб олинганидан сўнг, кун тартибига қўйилган масалалар маълум қилинди.
Конференция кун тартибига Амударё туман Ногиронлар жамиятининг ўтган даврдаги умумий фаолияти юзасидан ҳисоботи ва амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги вазифалар ҳамда жамият раисини сайлаш тўғрисидаги масалалар қўйилди.
Кун тартибидаги биринчи масала юзасидан жамият раиси Нилуфар Холбоева сўзга чиқди ва туман Ногиронлар жамиятининг ўтган 2017-2021 йиллар давомидаги умумий фаолияти юзасидан ҳисобот берди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, мамлакат раҳбарияти, шахсан муҳтарам Президентимиз томонидан имконияти чекланган фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларни жамиятимизнинг тенг ҳуқуқли аъзолари сифатида шаклланиб боришида катта ғамхўрлик қилинмоқда. Бу борада қабул қилинган ҳукумат қарорлари асосида ногиронлиги бўлган фуқаролар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.
Шунга кўра, жамиятнинг дастур ва низомида белгиланган мақсад ва вазифаларни ҳаётга тадбиқ қилишда туман бўлими томонидан ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилган. Жамият томонидан бир неча бор Олий Мажлис томонидан таъсис этилган грант танловларида иштирок этилиб ғолиб бўлишга эришилган. Бунинг натижасида компьютер саводхонлиги, бичиш-тикиш тўгараклари ташкил этилган. 2017 йилда 25 млн. сўм грант маблағлари эвазига имконияти чекланган, ногирон, кўзи ожиз болалар учун замонавий, барча шарт-шароитларга эга бўлган кутубхона ҳам ташкил этилиб, махсус китоблар келтирилган.
Ундан ташқари, ўтган йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти томонидан туманимиздаги имконияти чекланган инсонларга қўл ва қўлтиқ таёғи, таянч аппарати, ногиронлар аравачалари мунтазам бериб келинмоқда. Шунингдек, жорий йилда ҳам Чойкўл овулидаги 1-гуруҳ ногирони Ўктам Халиллаевга, Ўртақалъа овулида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Ойжамол Хонбоевага ногиронлар аравачалари берилган. Рамазон ойида туман Ногиронлар жамияти ва ҳомийлар ёрдамида 20 нафар имконияти чекланган фуқароларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилган.
Жамиятнинг туман бўлими томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган имконияти чекланган болалар турли спорт мусобақалари ва кўрик-танловларда иштирок этиб, совринли ўринлар ғолиблари бўлган ва олий ўқув юртлари талабаси бўлишга эришган.
Конференция йиғилишида ҳисобот юзасидан музокаралар ўтказилиб, жамиятнинг туман бўлими раиси фаолиятига баҳо берилди ва иш услубини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилди.
Йиғилиш давомида кун тартибидаги иккинчи масала юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Ногиронлар жамияти раиси Пардагул Давлатярова сўзга чиқиб, Ногиронлар жамияти туман бўлимининг ўтган даврдаги фаолияти юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди ҳамда амалга оширилиши лозим бўлган навбатдаги вазифаларга кенг тўхталди. Шундан сўнг, жамиятнинг ўтган даврдаги фаолиятини қониқарли деб топиш, жамият раислигига қўйилган Нилуфар Холбоеванинг номзодини қўллаб-қувватлаш таклифини билдирди. Таклифлар бир овоздан маъқулланиб, Нилуфар Холбоева Ногиронлар жамиятининг туман бўлими раислигига сайланди.
Конференция йиғилишда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди ва кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
О. Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶