НАЗАРХОН ОВУЛИДАГИ ҚИЗИЛМИЯ ЎСИМЛИГИ ПЛАНТАЦИЯЛАРИ МУҲОФАЗАСИ НАЗОРАТДА
Қизилмия ўсимлиги юртимизда кўп учрайдиган фойдали ўсимликлардан бири саналади. Асосан табиий ҳолда ўсадиган қизилмия ўсимлигидан тиббиётда, саноатнинг турли йўналишларида ва ҳатто, қишлоқ хўжалигида ҳам кенг фойдаланилса бўлади. Шу боис бугунги кунда ушбу ўсимликка АҚШ, Буюк Британия, Голландия, Япония, Германия, Венгрия, Хитой, Жанубий Корея ва бошқа кўпгина давлатларда талаб юқори.
Бу борада Вазирлар Маҳкамаси томонидан “2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси табиий-хомашё ва минерал ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича хомашё базасини кенгайтириш ҳамда шу асосда қўшилган қиймат занжирини яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор қабул қилинган эди. Ҳужжатга асосан қизилмия илдизини йиғиш ва қайта ишлаш соҳасида қизилмия илдизи плантацияларини, биринчи навбатда, унинг мамлакатда ўсмайдиган янги турлари плантацияларини ташкил қилаётган корхоналарни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш орқали қизилмия илдизи хомашё базасини кенгайтириш ва бошқалар режалаштирилмоқда.
Амударё туманида ҳам “Жайхун Голден ланд” масъулияти чекланган жамияти томонидан кўп йиллардан бери қизилмия ўсимлиги илдизи қуритилган ҳолда тайёрланиб, экспорт қилиб келинмоқда.
12 июль куни Назархон овулига ушбу жамиятга қарашли бўлган қизилмия ўсимлиги етиштирилаётган плантацияларга Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси, Нукус илмий-тадқиқот институти, Қўмитанинг ва Кадастр агентлигининг туман бўлими масъуллари ташриф буюрдилар.
Плантацияларда қаламчалар ва уруғдан етиштирилган қизилмия ўсимлигини кўздан кечириш, муҳофаза қилинишни назорат қилиш каби мақсадларда ташриф буюрган масъуллар ўсимликнинг турларини кўпайтириш ва парваришлаш бўйича муҳим тавсиялар беришди.
Мазкур йилда жамият томонидан 25 гектар майдонда қизилмия ўсимлиги етиштирилиб, парвариш қилиб келинмоқда. Шунга кўра етиштирилган ўсимликнинг илдизидан йил охирида 300 тонна экспорт қилиш режалаштирилган.
Мутахассислар томонидан амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, рентабелсиз бир гектар майдонда 5 йил мобайнида қизилмия ўстириш учун 12 миллион сўм харажат қилиниб, 14 тонна ўсимлик илдизини олиш мумкин экан. Жаҳон бозорида эса унинг баҳоси юқори. Қолаверса, экин поясидан ҳам 8000 тонна қуруқ маҳсулот олинади. Ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, унумдорлиги ортади, тупроқнинг шўрланганлик даражаси 2,5 баробаргача камайиб, азот, гумус билан тўйинади. Илдиз ҳосили йиғиштириб олинган ерга бошқа экин экилмаса, зарур агротехника тадбирларини бажариш орқали ўсимликни қайта тиклаш ва ер устидан ҳар йили, ер остидан эса 4 йилдан кейин яна ҳосил йиғиштириб олиш мумкин.
Масъуллар ташриф давомида қизилмия илдизи жаҳон бозорида рақобатбардош товарга айланиб бораётгани, ўсимлик илдизидан фойдаланиш кўлами кенглиги ва маҳсулотнинг шифобахш хусусиятлари жаҳон фармокологияси ва озиқ-овқат саноатида уни етакчи ўринга кўтарилаётгани хусусида сўз юритишди. Президентнинг “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикасининг Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонини амалга ошириш мақсадида қабул қилинган қарор асосида қизилмия илдизини етиштиришни кўпайтириш ва кўп босқичли қайта ишлаш бўйича инвестиция лойиҳаларининг рўйхати шакллантирилганлигини таъкидлашди. Бу шу иш билан шуғулланувчи деҳқонлар учун ҳам, тадбиркорлар учун ҳам, қисқача айтганда, иқтисодиётимиз учун ниҳоятда фойдали эканлигини эътироф этишди.
Бугунги кунда Ўзбекистонинг турли минтақаларида қизилмия илдизини тайёрлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланадиган турли мулкчилик шаклидаги корхоналар сони ортмоқда. Ушбу корхоналарнинг аксарияти мамлакатимизда ўстирилган ва қайта ишланган қизилмия илдизининг 70 фоиздан кўп қисмини хорижга экспорт қилади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси остида янги босқичга кирган ушбу ишлар эзгу мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
О.Худойберганова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶