ПРОФЕССОР МАТЧОНОВ ОЛИМЖОН ДАВЛАТБОЕВИЧ ЎЗИ ТАҲСИЛ ОЛГАН 29-СОНЛИ МАКТАБ ЎҚУВЧИЛАРИ ВА СОБИҚ УСТОЗЛАРИ БИЛАН УЧРАШДИ
Инсоннинг хотирасидан кўп нарсалар, воқеа-ҳодисалар ўчиб кетиши мумкин. Лекин болалик, ўсмирлик ва ёшлик дамлари билан боғлиқ унутилмас лаҳзалар борки, бу дамлар билан инсон мангу хотиралар оғушига такрор ва такрор қайтаверади. Айниқса, илк таълим-тарбия олган мактаби, устозлари билан боғлиқ ширин хотиралар мангу уйғоқдир ва инсонни бағрига чорлайверади.
Ўзбекистон Фанлар академияси биоорганик кимё амалий технологиялар лабораторияси мудири, кимё фанлари доктори, профессор, Ўзбекистон Миллий Университетининг кимё факультети ўқитувчиси Матчонов Олимжон Давлатбоевич асли Амударё туманидан. У туманнинг Қангли овулида туғилиб-ўсган ва овулдаги 29-сонли умумтаълим мактабида таҳсил олган.
Олимжон Матчонов ҳар гал ўзи туғилиб-ўсган овулга келганида, албатта, болалик ва ёшлик хотираларига гувоҳ 29-сонли мактабга ташриф буюриб, бугунги авлод вакиллари бўлган ўқувчи-ёшлар билан учрашади. Ўзи таълим олган синфхоналарга кириб, мактаб ҳаётига оид ўзгаришлар, таълим-тарбия жараёнлари билан яқиндан танишади.
Янги йил байрами арафасида Матчонов Олимжон Давлатбоевич 29-сонли мактабнинг собиқ директори, қадрдон устози, айни пайтда 90 ёшга тўлган фахрий ўқитувчи Дурдибой ота Ердошевнинг хонадонида бўлиб, азиз устозини муборакбод этди. Нуроний устозига шогирдлик эҳтироми ила байрам совғаларини топширди. Устоз ва шогирд олис йиллар хотираларини эсладилар. Ҳаётда эришган ютуқлари, янгиланишлар, ўзгаришлар ҳақида фикрлашдилар.
Шундан сўнг, Олимжон Матчонов 29-сонли мактабда бўлиб, ўқувчи-ёшлар билан учрашди, мактаб кутубхонасига китоблар тўпламини совға қилди. Учрашув тадбирида мактабнинг юқори синф ўқувчилари, мактаб ўқитувчилари, фахрий устозлар иштирок этдилар. Собиқ ўқувчи, айни пайтда Ўзбекистонга, қолаверса, дунёдаги кимёгар олимларга яхши таниш, кимё фанлари доктори, профессор даражасига етишган Матчонов Олимжон Давлатбоевич ёшларга илм олиш, ўқиб-ўрганишнинг, илмий фаолият юритишнинг халқимиз ва Ватанимиз равнақи учун беқиёс катта фойдаси хусусида сўз юритиб, бугунги ёш мактабдош дўстларини илм чўққиларини эгаллаш сари дадил қадамлар қўйишга чақирди.
Шундан сўнг, Қангли ОФЙ раиси Рустам Худоёров, меҳнат фахрийси Жангабой Ражабов, профессор Олимжон Матчоновнинг биринчи устози Султон Авазметов, фахрий устоз Йўлдош Сапарбоев ҳамда 29-сонли мактабнинг айни пайтдаги директори Баҳром Сапаровлар сўзга чиқишиб, 29-сонли мактабда таълим-тарбия олган, айни пайтда таниқли кимёгар олим даражасига эришган қанглилик профессор Олимжон Матчонов билан фахрланишларини таъкидладилар.
Тадбирда профессор Олимжон Матчоновнинг отаси Давлатбой ота Матчонов ҳам сўзга чиқиб, ўғлининг ўқувчилик, талабалик йиллари, тинимсиз илмий изланишлар олиб бориш, ўқиб-ўрганиш, олимлик даражасига етишиш йўлидаги машаққатли меҳнатлари, қийинчиликларни сабр-тоқат ва матонат билан енгиб ўтгани ҳақида ўқувчи-ёшларга сўзлаб берди. Учрашув тадбирида ўқувчи-ёшлар профессор Олимжон Матчоновга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар ва барча саволларига батафсил жавоблар олдилар.
Рисолат ИБРАГИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶