СУД – АДОЛАТ ҚЎРҒОНИ
Бугунги кунда фуқаролар ва тадбиркорлар ўзларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга мурожаат қилишларида судловга тегишлилик қоидаларининг бир мунча мураккаблиги боис, фуқаролик ишлари бўйича судлардан маъмурий судларга, маъмурий судлардан иқтисодий судларга қайта-қайта мурожаат қилиш ҳолатлари мавжуд. Бу эса низолашаётган шахсларга қўшимча ноқулайлик бўлиб, уларнинг ҳуқуқлари ўз вақтида ҳимоя остига олинмасдан, судларга бўлган ишончсизлик ва ҳурматсизлик ортишига сабаб бўлаяпти.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июль кунги «Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонида фуқароларнинг одил судловга бўлган ҳуқуқини амалда таъминлаш билан боғлиқ муҳим муаммога алоҳида эътибор қаратилиб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судъяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш белгиланди.
Вилоят даражасидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар бирлаштирилиб, ягона умумюрисдикция судларининг ташкил этилиши юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиши билан бирга илғор хорижий давлатлар амалиётига ҳам монанддир.
Фармонда Олий суд томонидан ҳар қандай ишни назорат тартибида кўриб, қуйи судларга таъсир кўрсатишдек номақбул амалиётдан тўлиқ воз кечилиши назарда тутилиб, судьялар мустақиллигини таъминлаш, уларга адолатли қарор қабул қилишда босим ўтказишга йўл қўймаслик, ишларнинг йиллаб қайта кўрилишига барҳам бериш мақсадида Олий суд раиси ва Бош прокурорнинг протест келтириш ҳуқуқи бекор қилинди.
Фармон билан суд тергови жараёнида инсон ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тарафларнинг тортишувчанлиги тамойилини амалда рўёбга чиқариш мақсадида жиноят судларида дастлабки эшитув босқичи жорий этилмоқда.
Шулар қатори мазкур Фармонда суд тизимида бошқада қатор ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш назарда тутилган бўлиб, бу ўзгаришлар фуқароларимизнинг одил судловга бўлган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларининг янада кенгроқ таъминланишига замин яратади, деб ишонаман.
Қ.АТАМУРОДОВ, Фуқаролик ишлари
бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶