Юрт мадҳи
Устоз журналист Саъдулла Хўжаниёзовнинг "Яшна, яшна Амударём” шеъри бир пайтлар туманимиз аҳлининг энг севимли шеъри эди. Бу шеър билан айтилувчи қўшиқ эса салкам ярим аср давомида амударёликларнинг тилидан тушмади.
Албатта, қўшиғинг бутун бир элнинг қалб мулкига айланса, бу - бахт. Аммо, вақт ўтиши билан шеърдаги воқеликларнинг залвори пасаяди, қаҳрамонлар ҳаёт саҳнасини тарк этади. Бундай пайтда шеърни янги образлар билан бойитиш, унга замон, давр руҳини киритиш зарурати юзага келади. Шу мақсадда бугун туманимиздаги янгилик ва ўзгаришлардан, юртдошларимизнинг ютуқларидан илҳомланиб, ушбу янги қўшиғим дунёгакелди:
Яшна, яшна Амударём!
(Қўшиқ)
Жўшқин Аму бўйларина,
Ястангансан Амударём.
Қониб унинг сувларина,
Яшнагансан Амударём!
С.Хўжаниёзов.
Аму бўйида қўш соҳил,
Гуллаб яшнаган серҳосил.
Тупроғинг зар, халқинг аҳил,
Яшна, яшна Амударём!
Ўтмишингдан сўзлар Чилпиқ,
Бугунингдан қоматинг тик.
Мозий, бугундан хуш битик,
Яшна, яшна Амударём!
Халқинг пахтакор, соҳибкор,
Дала-боғларинг мафтункор,
Пешона тердан чаманзор,
Яшна, яшна Амударём!
Манғит, Қипчоқ Тошёп – сойинг,
Мавжлари очар чиройинг.
Бағринг боғ-у бўстон доим,
Яшна, яшна Амударём!
Сен Жумуртов, Тўлқин, Хитой,
Қангли, Манғит ҳам Қиличбой.
Сен Назархон, Бердақ, Бекбой -
Яшна, яшна Амударём!
Истиқлол очган чиройинг,
Бугун обод ҳамма жойинг.
Намунасан юртга доим,
Яшна, яшна Амударём!
Қорақалпоқда биринчи,
Пахтакор, ишчи, қурувчи.
Ҳар соҳада илғор – кучли,
Яшна, яшна Амударём!
Сен зиёкор ўқимишли,
Сен ижодкор илҳом – йўшли,
Сен тадбиркор – бозор ҳусни,
Яшна, яшна Амударём!
Бозорларинг обод тўкин,
Маҳсулотларинг сув – текин.
Патир-нонинг доим бутун,
Яшна, яшна Амударём!
Обод ҳар бир хонадоним,
Уйдан аримас меҳмоним.
Саҳоватли бекажоним,
Яшна, яшна Амударём!
Меҳмонларга манзур гурвак,
Мева-чевангга йўқдир гап.
Таомноманг: палов, бўрак,
Яшна, яшна Амударём!
Гўшт ҳам балиғинг шоҳона,
Довруғи кетган жаҳона.
Беш юлдузли меҳмонхона –
Яшна, яшна Амударём!
Бош шаҳаринг – қалъанг Манғит,
Қадим ҳамда навқирон кент.
У – узукка қош қўйгандек,
Яшна, яшна Амударём!
Манғитдаги қурилишлар,
Ободончилик юмушлар.
Сўзанага заррин нақшлар,
Яшна, яшна Амударём!
Кўчаларинг кенг ва равон,
Ҳар қадамда битта дўкон.
Ҳа, сен шундай обод макон,
Яшна, яшна Амударём!
"Амударё текстиль”инг,
Кийинтирар ҳали элинг,
Ҳарир либосдаги келин –
Яшна, яшна Амударём!
Ёшлар уй-жой мажмуаси,
Мини футбол майдончаси,
Дейман, бу бир дебочаси,
Яшна, яшна Амударём!
Истироҳат боғинг кўркам,
Томошалари ранго-ранг.
Болажонлар яйрар бирам,
Яшна, яшна Амударём!
Обод билим масканларинг,
Илмга чанқоқ ёшларинг.
Ишни зиёдан бошладинг
Яшна, яшна Амударём!
Отахонларинг донишманд,
Имон-эътиқоди баланд.
Қадриятлар ила пайванд,
Яшна, яшна Амударём!
Авлиёлар яшаб ўтган,
Оллоҳ ёрлақаган гулшан.
Хизр назар солган элсан,
Яшна, яшна Амударём!
Сенда ётар бобом ҳоки,
Бахтим кулар, сен бор токи.
Келажак авлодлар ҳаққи,
Яшна, яшна Амударём!
Ҳа, сен - ниятлар эзгуси,
Ватанимнинг бир чизгиси.
Сен – тараққиёт кўзгуси,
Яшна, яшна Амударём!
Пахтанг, пилланг тилло элим,
Сендек юрт йўқ, илло элим.
Равнақ топ ва гулла элим,
Яшна, яшна Амударём!
Банкларинг бор турли-турли,
Келажагинг буюк, нурли.
Бой-бадавлат юртнинг бири,
Яшна, яшна Амударём!
Пир-бадавлат бўлгин элим,
Қайга чўзсанг, етсин қўлинг.
Соғ бўл, очиқ бўлсин йўлинг,
Яшна, яшна Амударём!
Шифо масканларинг обод,
Тиббий хизматдан халқинг шод.
Сенда ўсар соғлом авлод,
Яшна, яшна Амударём!
Туман тиббиёт бирлашманг,
Юзингга холдек ярашган.
Сен ҳеч кимдан эмассан кам,
Яшна, яшна Амударём!
Жайҳун каби қалбинг жўшқин,
Халқинг борки, ризқинг тошқин.
Меҳнат қилиб сургин гаштин,
Яшна, яшна Амударём!
Меҳнат ютуққа кафолат,
Интилганга кулар омад.
Меҳнат қилиб топдинг роҳат,
Яшна, яшна Амударём!
Буни ёзди Хўжаниёз,
Қирқ йил жаранг сочди бу соз.
Мадҳинг куйлар шогирд-устоз,
Яшна, яшна Амударём!
Интилдинг, бўлди толе ёр,
Ҳусни – жамолинг мафтункор.
Ҳайратийга сен ифтихор,
Яшна, яшна Амударём!
Тожибой ДЎСАНОВ, шифокор.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶