10 декабрь — Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси қабул қилинган кун
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг матни ва мусиқаси Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 10 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонуни билан тасдиқланган.
Ушбу Қонуннинг 2-моддасида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир”, деб белгилаб қўйилган Давлат суверенитети рамзи бўлган мадҳия матни Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов томонидан ёзилган.
Унга Ўзбекистон халқ артисти Мутал Бурхонов мусиқа басталаган. Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси мустақилликка эътиқодни тарғиб қилади. Унинг матни фуқароларимизни мустақил давлат қуриш йўлида матонат ва жасоратга, сабр-тоқат ва фидокорликка, курашга чақиради, миллий ғурурни уйғотади.
Мадҳиямизни баралла ижро этаркансиз, унинг мангу қўшиқ эканини яна бир карра англайсиз. Спорт мусобақаларида ғалаба қозонган ҳамюртларимиз, ҳарбийлар, ҳатто мактаб остонасига илк қадам қўйган болажонлар, барчамиз бу қўшиқни қўлимиз кўксимизда бўлгани ҳолда мағрур айтамиз. Зеро, мадҳиямиз юракдан чиқиб, юракларга етиб борувчи, жаҳон узра баралла янграйдиган мангу, муҳташам таронадир. Унда шонли тарихимиз, меҳнаткаш халқимизнинг салоҳияти, куч-қудрати, маърифатпарвар боболаримизнинг орзу-умидлари, юрт истиқболи мужассам.
Шу кунларда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан юртимизнинг барча гўшаларида байрам тадбирлари, маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Давлатимиз мадҳияси - тинч ва осойишта, озод ҳамда эркин ҳаётимиз, ёруғ келажагимизга бўлган ишончимиз тимсолидир. Бизни ва фарзандларимизни ғалабага ундаб турувчи ҳаёт қўшиғимиздир! Ватандошларимизни Давлат мадҳияси қабул қилинганлигининг 32 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман. Ўзбекистон фарзандлари жаҳон ареналарида туриб Ватан мадҳиясини баралла куйлайверсин.
И.Маткаримов, Республика Маънавият ва маърифат маркази Амударё туман бўлинмаси раҳбари

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶