ФИДОЙИ МЕҲНАТЛАР ЭЪТИРОФИ
Устоз! Бу сўзни эшитганда ким, неча ёшда, қандай мавқеда бўлса-да, кўнглида илиқ туйғулар уйғонади. Таълим бериб, ўқиш-ёзишни ўргатган, фан асосларини онгига муҳрлаган инсонларни – муаллимларини эслайди.
Ҳа, ҳар биримиз бутун салоҳиятини, ақл-идрокини, билими-ю қалб қўрини бизга бахшида этган инсонларни доимо ҳурмат-эътибор билан тилга оламиз, яхши кунларда йўқлаб, дуоларини олишга интиламиз.
Манғит шаҳридаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактаби директори, Қорақалпоғистон халқ таълими аълочиси Йўлдошбой Абдалов ҳам ўзининг ўқитувчилик фаолияти давомида ана шундай ҳурмат-эъзозга сазовор бўлган инсонлардан бири.
У 1980 йилда Тошкентдаги Низомий номидаги педагогика олийгоҳини мусиқа фани ўқитувчиси ихтисослиги бўйича тамомлаб, 30-сонли мактабда фаолиятини бошлади. Ўн йил давомида ўқувчиларга санъат ва мусиқадан таълим берди.
Маълум вақт туман Халқ таълими бўлимида услубчи, 8-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида мусиқа ўқитувчиси ва мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бўлди.
Мана, 2018 йилдан бери Манғит шаҳридаги 9-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабига раҳбарлик қилаяпти. Аввало ўзининг мусиқа ва санъатни севиши, бу борада ўз билимларини ўқувчи-ёшларга чуқур ўргатишга бўлган интилиши туфайли ўтган йиллар мобайнида иқтидорли шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. Фидойи мусиқа муаллими мана беш йилдирки, туманда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етиши, уларнинг ижодий-мусиқий қобилиятларини ривожлантириш, қалбидаги мусиқа ва санъатга ихлосни тарбиялашга хизмат қиладиган муассасага моҳирлик билан раҳбарлик қилиб келаяпти. Унинг устоз-мураббийларга, ўқувчиларга талабчанлиги, касбига фидойилиги муассасада кўпгина қувонарли ютуқлар қўлга киритилишига асос бўлаётир. Мактаб ўқитувчилари, ўқувчилари туманимизда ўтказилаётган турли байрам тантаналарида теран мазмунли театрлаштирилган томошалар намойиш этишиб, кўпчиликнинг эътиборини қозонаётир. Шунингдек, турли кўрик-танловларда муносиб иштирок этишаяпти. Хусусан, 2020-2021 ўқув йилида ҳар уч йилда бир марта мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари орасида ўтказиладиган Муҳиддин Қори Ёқубов номидаги Республика кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида мазкур мактабнинг 12 нафар ўқувчиси иштирок этиб, 8 нафари ғолиб ва совриндор бўлишди. 2021-2022 ўқув йилида “Камалак юлдузлари” кўрик-танловининг Республика босқичида 2 нафар ўқувчи совриндор бўлди.
Муассасада эришилаётган ютуқлар, касбига меҳри, жонкуярлиги ва ҳалол меҳнатлари инобатга олиниб, Йўлдошбой Абдалов мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарорига мувофиқ “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган маданият ходими” унвони билан тақдирланди.
– Тақдирлаш маросимида мени даврага чақиришганида салкам 40 йиллик меҳнат фаолиятим зумда кўз ўнгимга келди. Шундай юксак унвонга сазовор бўлганимдан жуда қувондим. Шу кун ҳаётимдаги энг нурли кун бўлди. Бу унвон бутун жамоамизники, деб ҳисоблайман, – дейди у қувонч билан.
Кимки, ўз касбини севса, сидқидилдан меҳнат қилса, меҳнат фаолияти унга шараф келтиради. Буни ҳаётнинг ўзи тасдиқлайди. Йўлдошбой Абдалов ҳам самарали меҳнатлари туфайли ана шундай унвонга сазовор бўлди.
Биз унинг қувончига шерик бўлиб, келгуси ишларида ҳам муваффақиятлар тилаймиз.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶