КАМТАРИН УСТОЗ ВА ФИДОЙИ МАДАНИЯТ ХОДИМИ
Амударё туманида маданий ҳаёт ривожига муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар кўп. Улар орасида ўзининг меҳнатсеварлиги, касбий фаолиятига нисбатан масъулияти ва садоқати билан эътирофга лойиқ бўлган соҳа вакилларидан бири Жумабой ака Камоловдир. У Амударё туманида ўз ҳаётини халққа садоқат билан хизмат қилишга, маданий-маърифий соҳани ривожлантиришга бағишлаб келаётган камтарин ва фидойи устоз сифатида танилган.
Яқинда Амударё тумани Маданият бўлимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган, овоз режиссёри сифатида ўз йўналишида халққа хизмат кўрсатишни юқори сифат даражасига кўтарган Жумабой Камоловнинг 70 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Тадбирда туман маданият соҳаси фахрийлари ва Маданият бўлими ходимлари, Жумабой Камоловнинг яқинлари ва дўстлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Жумабой Камолов 1955 йил 21 ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманининг Чойкўл қишлоғида таваллуд топган. Болаликдан меҳнатсеварлик, одоб-ахлоқ ва самимийлик каби сифатларни ота-онасидан мерос олган, серфарзанд оилада вояга етган Жумабой Камолов ёшлигиданоқ ўз ҳаётида самимийлик ва интизомга асосланган турмуш тарзини шакллантирди.
У қишлоқдаги 22-сонли умумтаълим мактабини муваффақиятли тамомлаб, физика ва техникага бўлган қизиқиши туфайли Нукус электротехника техникумида таҳсил олди. Техникум таҳсилидан сўнг илк меҳнат фаолиятини Амударё туман Маданият бўлимида овоз режиссёри сифатида бошлади ва умрининг қарийб 50 йилини ушбу йўналишга бағишлади.
Амударё тумани маданият марказида овоз кучайтириш мосламасини бошқариш режиссёри сифатида кўплаб ёшларга устозлик қилиб келаётган Жумабой Камоловнинг овозсозлик соҳасидаги тажрибаси туманда ўтказиладиган давлат тадбирларининг юксак савияда ўтишини таъминлаётгани ҳар галги байрам тантаналаридан сўнг халқнинг самимий эътирофи орқали ўз баҳосини олади. Халқнинг: “Байрам зўр бўлди, айниқса, овоз жуда тиниқ, табиий чиқди!” қабилидаги эътирофларидан барча маданият соҳаси ходимларининг кўнгли тоғдай юксалади. Бунда фидойи инсон Жумабой Камоловнинг ҳиссаси катта бўлади, албатта.
Жумабой аканинг феълидаги меҳнатсеварлик, фидойилик ва самимият унга ота-онасидан мерос. Бутун умр ҳалол меҳнати билан оила тебратган Камол бобо Йўлдошев ҳамда Жумабика момо Йўлдошеваларнинг оиласида тарбия топган Жумабой ака Камолов ҳам умр йўлдоши, узоқ йиллар ёш авлодга она тили ва адабиёт фанидан дарс берган фахрий устоз Гулсара опа Камолова билан уч қиз ва икки ўғилни тарбиялаб, вояга етказди. Эл аро ҳурмат-эътибор топган Жумабой ака бугунги кунда нафақат ўз невараларининг, балки ўзи истиқомат қиладиган маҳалла болаларининг ҳам ардоқли бобоси. Фахрий устоз Гулсара опа эса ёшларнинг севимли маслаҳатгўйи, маҳалланинг кўчабошчиси.
Юбилей тадбирида сўзга чиққанлар Жумабой Камоловнинг бутун ҳаёти ва меҳнат фаолияти фидойилик, масъулият ва меҳр-оқибатга асосланганлигини, у қайси лавозимда ишламасин, ўз вазифасини сидқидилдан бажариб келганини таъкидладилар. Тумандаги турли даражадаги тадбирларнинг сифатли ўтиши, техник хавфсизлик ва электр ускуналарининг соз ҳолатда бўлишида унинг ҳиссаси доимо катта бўлиб келган. Жумабой ака каби самимий, ҳалол ва соҳага садоқатли инсонлар бор экан, маданият соҳасининг келажаги ҳам, халққа хизмат кўрсатиш даражаси ҳам янада равнақ топаверади.
Ота касбини тутган фарзандлари ҳам бугунги кунда туман маданияти соҳасининг заҳматкашлари. Ўғиллари Икромжон ва Мансурбеклар ота касбини эъзозлаб, улар ҳам овоз кучайтириш ускуналари ва техник мосламалар билан ишлаб, халқимизга маданий-маърифий хизмат кўрсатиб келмоқда. Қизларининг бири тарбиячи, бири чевар, яна бири ҳамшира, учаласи ҳам оқила оила бекалари. Бу эса устознинг меҳнати, тўғри тарбияси ва соф нияти самараси эканининг ёрқин исботидир. Жумабой ака тарбиялаган шогирдлар ҳам жуда кўп. Улар туманимиздаги маданият марказларида фаол хизмат қилиб келмоқда.
Жумабой Камолов маданият ва санъатга умрини бағишлаган, ўз билим ва тажрибасини авлодларига улашиб келаётган ҳақиқий устоздир. Унинг инсонпарварлиги, вазминлиги, жамоага бўлган ҳурмати ҳамиша соҳа ходимлари ва шогирдлари учун ибрат бўлиб келган. Жумабой Камолов бугунги кунда ҳам фаолиятини давом эттирмоқда. У ҳамиша тадбирларда фаол. Унинг бой тажрибаси, юксак маданий савияси ва ёшларга устозлик руҳида кечаётган намунавий фаолияти маданият соҳаси ривожида муҳим ўрин тутади. Фурсатдан фойдаланиб, шонли 70 йиллик юбилейи муносабати билан маданият ходими, фахрий устоз Жумабой Камоловга узоқ умр, сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз.
НАСИБА ЕШЧАНОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶